Ўзбекистонлик талабалар Деҳлида ҳар йили ўтказиладиган ёшлар фестивалида илк бор иштирок этди
Февраль 24, 2026. 08:15 • 3 дақ
• 243ДЕҲЛИ, 24 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети (ЎзЖОКУ) делегацияси биринчи марта Ҳиндистон пойтахтида МЕРИ институтлар гуруҳи (Management Education and Research Institute) томонидан ҳар йили ўтказиб келинадиган «La'Kermesse» халқаро талабалар фестивалида иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
«La'Kermesse» Деҳли шаҳрида уюштириладиган йирик университетлараро тадбирлардан бири бўлиб, у мамлакатнинг етакчи олий билим юртлари талабаларини бирлаштиради. Фестивалдан кўзланган асосий мақсад ёш истеъдодларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш, ахборот технологиялари, мусиқа, рақс, театр ва бошқа йўналишлар бўйича мусобақалар орқали талабаларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантиришдан иборатдир.
Ўзбекистон делегациясининг ташрифи ЎзЖОКУ ва МЕРИ институтлар гуруҳи ўртасида 2025 йилда имзоланган Ҳамкорлик меморандуми ижроси доирасида амалга оширилди. Ушбу ҳужжат академик алмашинув, қўшма тадқиқотлар ва маданий ҳамкорликка йўналтирилган узоқ муддатли шерикликка асос солди.
Ўзбек ёшлари фестивалда тақдим этган мусиқий дастур фестивалнинг ёрқин воқеаларидан бири бўлиб, халқаро аудитория томонидан илиқ кутиб олинди. Ушбу чиқиш ҳиндистонлик тенгдошлар учун ҳақиқий совға ва маданий бирлик рамзига айланди. Ҳиндистон оммавий ахборот воситаларида қайд этилишича, ўзбекистонлик талабалар ҳинд ёшлари билан тез тил топишиб, қўшма маҳорат дарслари ва академик сессияларда фаол қатнашди.
- Ўзбекистонлик талабалар гуруҳининг ташрифи икки томонлама ҳамкорлик бўйича эришган келишувимизни амалга оширишдаги илк амалий қадам бўлди, - деб таъкидлади МЕРИ институтлар гуруҳи вице-президенти, профессор Лалит Аггарвал. - Яқин истиқболда биз ЎзЖОКУ талабалари учун ҳиндистонлик етакчи профессор ва ўқитувчиларнинг маърузалар туркумини ташкил этишни режалаштирмоқдамиз. Мавзулар энг долзарб йўналишларни, жумладан, ОАВ фаолиятига илғор ахборот технологияларини жорий этиш, медиа соҳасида сунъий интеллект ва машинавий ўрганиш, замонавий менежмент ва бошқаларни қамраб олади.
ЎзЖОКУ ва МЕРИ ўртасидаги шериклик бошқа муҳим йўналишларда ҳам ривожланади. Томонлар қўшма илмий журналлар ва мақолалар тўпламларини нашр этиш, илмий конференциялар ўтказиш, шунингдек, талабалар ва ўқитувчилар делегацияларининг мунтазам алмашинувини ташкил этиш режаларини муҳокама қилмоқда.
ЎзЖОКУ делегациясининг Деҳлига ташрифи Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида таълим соҳасида жадал ривожланаётган ҳамкорликнинг ёрқин ифодаси бўлди. 2025 йил май ойида Деҳлида Ўзбекистон-Ҳиндистон таълим ва бизнес саммити бўлиб ўтган ҳамда ушбу тадбирда Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети фаол иштирок этганди.
Ушбу жараённинг мантиқий давоми сифатида жавоб ташрифи кутилмоқда. Жорий йилнинг март ойида МЕРИ институтлар гуруҳи раҳбарияти делегациясининг Ўзбекистонга сафари режалаштирилган. Унинг доирасида ЎзЖОКУда музокаралар ўтказилиши, келгуси ҳамкорликнинг «йўл харитаси» ва қўшма дастурларнинг амалий параметрларини муҳокама қилиш назарда тутилмоқда.
Ўзбекистонлик талабаларнинг ташрифи ва уларнинг «La'Kermesse-2026» фестивалидаги иштироки таълим дипломатияси ва маданий алмашинув икки мамлакат ёш авлоди ўртасида дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, профессионал ва шахсий ривожланиш учун янги уфқлар очиш имкониятларини тақдим этаётганини яққол намойиш этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



