Москвада ўзбекистонлик режиссёрнинг “Тайметов. Ғалаба элчиси” ҳужжатли фильми тақдим этилди
Февраль 24, 2026. 16:55 • 46 сония
• 73МОСКВА, 24 февраль. /“Дунё” АА/. Москвадаги “Россия” миллий марказида бўлиб ўтган “RТ.Док.Фест” IV халқаро ҳужжатли кино фестивали доирасида ўзбекистонлик режиссёр Элдор Йўлдошевнинг “Тайметов. Ғалаба элчиси” фильми премьераси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур ҳужжатли фильм Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабага ўзбек халқи қўшган беқиёс ҳисса ва кўрсатган қаҳрамонликлари ҳақида ҳикоя қилади. Фильм марказида биринчи ўзбек ҳарбий учувчиси, Ўзбекистон авиация мактаби асосчиси ва Тошкент аэропортининг биринчи директори Абдусамат Тайметовнинг ибратли ҳаёт йўли ёритилган.
Кўрик-танлов якунларига кўра, Элдор Йўлдошевнинг ушбу асари Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони ҳақидаги “Энг яхши фильм” номинациясида ғолиб деб топилди ва махсус мукофот билан тақдирланди. Ғолиб сифатида ушбу картина эндиликда “RT.Док” телеканали орқали намойиш этилади.
Бу каби ижодий муваффақиятлар ўзбек кинематографиясининг халқаро майдондаги нуфузини ошириш билан бир қаторда, тарихий хотира ва аждодлар жасоратини ёш авлодга етказишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси




