Logo

Хорижий дипломатлар Нукусга келди: диққат марказида Қорақалпоғистоннинг инвестициявий ва саноат салоҳияти

Февраль 24, 2026. 11:01 • 51 сония

88
Хорижий дипломатлар Нукусга келди: диққат марказида Қорақалпоғистоннинг инвестициявий ва саноат салоҳияти
Хорижий дипломатлар Нукусга келди: диққат марказида Қорақалпоғистоннинг инвестициявий ва саноат салоҳияти

НУКУС, 24 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган 40 дан ортиқ хорижий давлатлар элчихоналари дипломатлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари бугун Нукус шаҳрига ташриф буюрдилар, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу ташриф Ташқи ишлар, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирликлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан ташкил этилди.

Дастур доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Фарҳод Эрманов билан учрашув ўтказилиши режалаштирилган. Мулоқот чоғида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилиниши кўзда тутилган.

Шунингдек, ташриф давомида Қорақалпоғистоннинг инвестициявий, экспорт ва туристик салоҳияти, шунингдек, ҳудудда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар ҳақида тақдимоти ўтказилади. Дипломатлар минтақадаги саноат корхоналари фаолияти билан яқиндан танишадилар. Хусусан, базальт толасидан иссиқлик ўтказмайдиган материаллар ишлаб чиқариш, аралаш толали иплар тайёрлайдиган тўқимачилик фабрикаси, иситиш радиаторлари ҳамда қуёш панеллари ишлаб чиқариш лойиҳалари тақдимоти режалаштирилган.

Дастурнинг маданий қисмидан Игорь Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейига ташриф ўрин олган. Ташриф якунида ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини белгилаб олиш ва янги ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш кутилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш