Иорданияда Ўзбекистон Президенти асарининг араб тилидаги тақдимоти бўлиб ўтди

Ноябрь 19, 2026. 15:00 • 3 дақ

• 6
Иорданияда Ўзбекистон Президенти асарининг араб тилидаги тақдимоти бўлиб ўтди
Иорданияда Ўзбекистон Президенти асарининг араб тилидаги тақдимоти бўлиб ўтди
Иорданияда Ўзбекистон Президенти асарининг араб тилидаги тақдимоти бўлиб ўтди
Иорданияда Ўзбекистон Президенти асарининг араб тилидаги тақдимоти бўлиб ўтди

АММАН, 19 ноябрь. /“Дунё” АА/. Иордания пойтахтида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” номли асарининг араб тилидаги тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган мазкур халқаро тадбирда Иордания парламенти аъзолари, давлат ва жамоат арбоблари, сиёсатчилар, олимлар, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тақдимотнинг асосий мақсади Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакатнинг тараққиёт стратегияси, ички ва ташқи сиёсатининг устувор йўналишларини халқаро жамоатчиликка етказишдан иборат бўлди.

Асарда “Давлат – инсон учун” ва “Инсон қадри учун” тамойиллари асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакат тақдиридаги тарихий бурилиш ҳамда давлат ва жамият тафаккурининг тубдан янгиланиш жараёнларига алоҳида эътибор қаратилган.

Олти боб ва хотимадан иборат ушбу китобда миллий давлатчиликни мустаҳкамлаш, иқтисодий салоҳиятни юксалтириш, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш, инсон қадрини улуғлаш ҳамда тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш масалалари кенг ёритилган. Китоб араб, инглиз, итальян, рус ва урду тилларига таржима қилинган.

“Тарих синовларидан ўтган ҳақиқат шуки, ўзини ўзгартиришга қодир бўлган, вақтни – имкониятга, имкониятни – ютуққа, ютуқни тараққиёт пойдеворига айлантира олган халқ – буюк халқдир. Мен ана шундай улуғ эътиқод билан яшаётган халққа раҳбар бўлиб, хизмат қилишни ўзим учун улкан шараф ва масъулият деб биламан”, – деб ёзган Ўзбекистон етакчиси ўз асари эпиграфида.

Шунингдек ўқинг

Аммандаги учрашувлар доирасида Янги Ўзбекистоннинг тарихи, бугунги тараққиёти ва келажак мақсадларини акс эттирувчи араб тилидаги 9 та китоб ва китоб-альбом ҳам тақдим этилди.

Шу билан бирга, “Ўзбекистон: цивилизациялар, шахсиятлар, кашфиётлар” китоблар кўргазмаси, “Мовароуннаҳр – асрлар оша таралган ислом цивилизацияси зиёси” мавзусида халқаро илмий конференция ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро тақдимоти ташкил этилди.

Учрашувларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Иордания Жаҳон ислом илмлари ва таълим университети президенти Жаъфар ал-Мағрибий ал-Фанатиса, юртимизнинг Иорданиядаги элчиси Нодиржон Тўрғунов, шунингдек, икки мамлакатнинг нуфузли давлат ва жамоат арбоблари, олимлари ҳамда диний соҳа вакиллари – жами 1500 нафардан зиёд киши қатнашди.

“Шавкат Мирзиёев – жаҳон миқёсидаги давлат ва сиёсат арбоби”, “Янги Ўзбекистон: тинчлик, инсонпарварлик ва бағрикенглик диёри”, “Мустақиллик зафарномаси” китоб-альбомлари, “Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс – тараққиёт концепти” ҳамда “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” асарлари Иордания кутубхоналарига совға қилинди.

Амманда ўтказилган халқаро тадбирлар Ўзбекистоннинг бой тарихий, илмий ва исломий меросини жаҳонга кенг тарғиб этиш, Янги Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги илмий-маданий ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш