Москвадан муносабат: Ўзбекистон–Ўмон ўртасида инвестиция, логистика ва иқтисодий шерикликнинг янги истиқболлари белгиланмоқда

Ноябрь 19, 2026. 14:00 • 3 дақ

• 54
Москвадан муносабат: Ўзбекистон–Ўмон ўртасида инвестиция, логистика ва иқтисодий шерикликнинг янги истиқболлари белгиланмоқда

МОСКВА, 19 ноябрь. /“Дунё” АА/. Россия Фанлар академияси Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институти Яқин Шарқ тадқиқотлари марказининг кичик илмий ходими Станислав Лазовский “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 16-17 ноябрь кунлари Ўмон Султонлигига амалга оширган давлат ташрифи юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўмон Султонлигига давлат ташрифи икки томонлама муносабатлардаги навбатдаги муҳим қадам бўлди. Хусусан, сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми рамзий кўрсаткич ташкил этаётган эди. Бугун эса Икки томонлама иқтисодий ўсиш салоҳиятини келгусида янада ошириш, ишбилармонлар ўртасида йирик инвестициявий ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасида изчил чора-тадбирлар белгиланмоқда.

Мазкур ташрифнинг асосий ўзига хослиги иқтисодий лойиҳаларнинг устуворлигидадир. Ўзбекистон учун бу, энг аввало, барқарор ва узоқ муддатли инвестиция капиталига эга бўлиш демакдир.

Хусусан, “Ўзбекистон–Ўмон” инвестиция компанияси 2009 йилдан буён 256 миллион доллардан ортиқ маблағ киритган бўлиб, унинг умумий инвестиция портфели қиймати 5 миллиард доллардан зиёд бўлган 35 га яқин лойиҳани ўз ичига олади.

Ташриф давомида янги битимлар имзоланганини инобатга олсак, бу Тошкент учун инфратузилма ва саноатга йўналтирилган узоқ муддатли инвестицияларни жалб қилиш имкониятини англатади. Ваҳоланки, бундай инвестицияларни бозор шароитларида жалб қилиш анча мушкул.

Шунингдек ўқинг

Ўмоннинг “Asyad Group” компанияси томонидан Тошкентдаги қуруқ портларнинг назорат пакетларини сотиб олиниши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу Ўзбекистон–Туркманистон–Эрон–Ўмон транспорт йўлагини ривожлантиришга қўшимча туртки беради. Мазкур йўлак, ўз навбатида, Ўзбекистонга Ўмоннинг Дукм, Соҳар ва Салола портларига чиқиш имконини яратади.

Энергетика, геология, қурилиш ва рақамли технологиялар соҳаларидаги қўшма лойиҳалар Ўзбекистонга нафақат молиявий маблағларни, балки замонавий технологик ечимлар ва экспертлик тажрибасини ҳам олиб келади.

Ўмон ва Ўзбекистон авиакомпаниялари ўртасида парвозлар сонини кўпайтириш бўйича имзоланиши мумкин бўлган келишувларни ҳам қайд этиш жоиз. Ўзбекистон туризм соҳаси учун бу Форс кўрфази давлатларидан бадавлат сайёҳларни жалб қилиш ҳамда мамлакатнинг сайёҳлик муҳитини яхшилашга хизмат қилади.

Икки давлат ўртасидаги келишувлар Ўзбекистонга барқарор ва узоқ муддатли инвестицияларни жалб қилиш, Ўмон портларига чиқиш ҳамда маҳаллий саноат учун янги технологик ечимларни ўзлаштириш имконини беради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш