Ўзбекистон Антальяда ўтказилган COP31 конференциясида глобал иқлим муаммоларини юмшатиш бўйича қатор таклифларни илгари сурди
Ноябрь 19, 2026. 14:30 • 3 дақ
• 67ИСЛОМОБОД, 19 ноябрь. /“Дунё” АА/. Покистон оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистоннинг БМТ Иқлим ўзгариши бўйича COP31 конференциясидаги иштироки, шунингдек, экологик, иқлим ва сув муаммоларига бағишланган мақолалар чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нуфузли “The Diplomatic Insight” нашрида Ўзбекистоннинг халқаро иқлим дипломатияси ва “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш соҳасидаги ташаббуслари ҳақида мақола эълон қилинди. Унда қайд этилишича, иқлим ўзгаришига қарши курашиш нафақат экологик заруратга, балки давлатларнинг иқтисодий рақобатбардошлиги, энергетика хавфсизлиги ва халқаро ҳамкорлик салоҳиятини белгиловчи муҳим омилга айланди. Нашр фикрича, COP31 Ўзбекистон учун иқлим дипломатиясидаги ўз позицияларини мустаҳкамлаш, “яшил” инвестицияларни жалб этиш ва барқарор иқтисодий ривожланишни жадаллаштириш борасида янги имкониятлар очади.
“Global News Pakistan” ахборот агентлиги эса Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроевнинг “Иқлим ўзгариши ва сув ресурслари: Ўзбекистоннинг янги ёндашувлари” сарлавҳали мақоласини жойлаштирди. Муаллиф Антальядаги анжуман халқаро ҳамжамиятга мамлакатимизнинг иқлим ўзгаришига мослашиш, сувдан оқилона фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлаш борасидаги амалий тажрибасини тақдим этиш имконини беришини таъкидлайди. Мақолада Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш, сув ресурсларини бошқариш ва минтақавий ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилган. Хусусан, “Келажак суви” минтақавий дастурини ишга тушириш таклифи ҳамда 2026–2036 йилларни “Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги” деб эълон қилиш ташаббуси алоҳида қайд этилган.
“The World News” онлайн-нашрида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббусларнинг аҳамиятига оид шарҳлар ҳамда COP31 доирасида ўтказилган учрашувлар ҳақида ахборот материаллари берилди.
Бундан ташқари, “The World News” нашрида Ўзбекистон Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази етакчи мутахассисининг “Яшил” логистика: глобал иқлим ўзгаришига қарши курашишда Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлигининг ўрни” номли мақоласи эълон қилинди. Нашр маълумотларига кўра, 2026 йилнинг тўққиз ойи давомида икки мамлакат ўртасидаги юк ташиш ҳажми 700 минг тоннани ташкил этган бўлиб, унинг 80 фоиздан ортиғи автомобиль транспорти ҳиссасига тўғри келади. 2026 йил 29 январь куни Анқарада икки давлат транспорт вазирликлари ўртасида халқаро транспорт йўлаклари бўйича имзоланган ўзаро англашув меморандуми алоҳида таъкидланиб, унда “яшил” транспорт ечимлари ҳамкорликнинг мустақил йўналиши сифатида белгилангани қайд этилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



