Эрон Баҳрайндаги АҚШ радиолокация станциясига зарба берилганини маълум қилди

Ноябрь 13, 2026. 18:00 • 2 дақ

• 13
Эрон Баҳрайндаги АҚШ радиолокация станциясига зарба берилганини маълум қилди

ТЕҲРОН, 13 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) Баҳрайндаги АҚШнинг эрта огоҳлантирувчи радиолокация станциясига зарба берилганини маълум қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Al Jazeera”га таяниб.

ИИҚК баёнотига кўра, ушбу зарба Эрон жанубидаги Ҳурмузгон вилоятининг Сирик туманида жойлашган телекоммуникация минорасига ҳаводан берилган зарбага жавоб бўлди. Эрон ОАВлари радиолокация қурилмаси йўқ қилингани ҳақида хабар берди.

“Tasnim” ахборот агентлиги тарқатган баёнотда юз берган ҳодиса душманга нисбатан жиддий огоҳлантириш деб аталган. Шунингдек, ИИҚК шундай ҳаракатлар такрорланган тақдирда янги зарбалар йўллашга тайёрлиги ҳақида огоҳлантирган.

Хабар эълон қилинган вақтда АҚШ ва Баҳрайн расмий вакиллари Теҳроннинг мазкур баёнотига муносабат билдирмаган эди.

Баҳрайнда АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий-денгиз операциялари учун масъул бўлган Ҳарбий-денгиз кучлари Бешинчи флотининг штаб-квартираси жойлашган. 28 февраль куни можаронинг дастлабки соатларида Манамадаги АҚШ ҳарбий базаси аллақачон ҳужумга учраган эди.

Бу Эроннинг сентябрь ойи бошидан бери Форс кўрфази давлатларидан биридаги АҚШ ҳарбий объектига қилинган ҳужум ҳақидаги илк баёнотидир.

“Reuters” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш