Ўзбекистон АСЕАНнинг Дўстлик ва ҳамкорлик шартномасига қўшилишни режалаштирмоқда
Июнь 20, 2026. 19:00 • 2 дақ
• 11
КУАЛА-ЛУМПУР, 20 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон июль ойида Манилада бўлиб ўтадиган АСЕАН Ташқи ишлар вазирлари учрашувида Жануби-Шарқий Осиёда дўстлик ва ҳамкорлик шартномасидаги иштирокини расмийлаштириш ниятида, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Малайзиянинг “Bernama” расмий ахборот агентлигига таяниб.
Юртимизнинг Малайзиядаги элчиси Каромиддин Гадоевнинг маълум қилишича, расмий Тошкент мазкур ҳужжатнинг имзоланишига катта аҳамият қаратмоқда ва ушбу жараён жорий йилнинг июль ойида Манилада бўлиб ўтадиган АСЕАН Ташқи ишлар вазирларининг расмий учрашуви доирасида расмийлаштирилиши кутилмоқда. Таъкидланишича, АСЕАНга аъзо давлатлар деярли бир йиллик тайёргарлик ва сиёсий-дипломатик музокаралардан сўнг Ўзбекистоннинг шартномага қўшилишини тўлиқ маъқулладилар.
Куала-Лумпурда ўтган “HUITM — Умра плюс 2026” халқаро сайёҳлик кўргазмаси чоғида элчи ушбу қадам Ўзбекистоннинг АСЕАНга аъзо барча мамлакатлар билан алоқаларида янги тарихий саҳифа очишини қайд этди. Хусусан, мазкур шартнома саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм, банк-молия ва хизмат кўрсатиш каби ўзаро манфаатли йўналишларда йирик иқтисодий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун кенг имкониятлар яратади.
Ўзбекистон минтақавий ташкилот билан алоқаларини кенгайтирар экан, Малайзияни Жануби-Шарқий Осиё бозорига олиб кирувчи асосий “кўприк” ва стратегик дарвоза сифатида кўради. Бугунги кунда юртимизда Малайзия сармояси иштирокида қарийб 50 та қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда ва қиймати бир неча юз миллион доллардан зиёд бўлган 40 дан ортиқ истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Икки томонлама инвестициявий ҳамкорлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, нефть-кимё, энергетика, электротехника ва электрон саноати каби юқори технологияли тармоқларни қамраб олган. Бундан ташқари, сўнгги йилларда Ўзбекистонда замонавий туризм инфратузилмасини ривожлантириш, хусусан, жаҳон стандартларига мос меҳмонхоналар ва гольф-клублар барпо этиш бўйича Малайзиянинг етакчи компаниялари билан фаол музокаралар олиб борилмоқда.
1976 йилда таъсис этилган Дўстлик ва ҳамкорлик шартномаси (TAC) Жануби-Шарқий Осиё минтақасидаги давлатлараро муносабатларнинг асосий хулқ-атвор кодекси ҳисобланиб, тинч-тотув яшаш, суверенитетни ўзаро ҳурмат қилиш ва тенг ҳуқуқли ҳамкорлик тамойилларини ўзида мужассам этади. Бугунги кунга келиб дунёнинг 58 та давлати ушбу ҳужжатни имзолаган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси