Малайзияда илк бор “Умра плюс” халқаро сайёҳлик кўргазмаси ташкил этилди

Июнь 22, 2026. 08:10 • 3 дақ

92
Малайзияда илк бор “Умра плюс” халқаро сайёҳлик кўргазмаси ташкил этилди
Малайзияда илк бор “Умра плюс” халқаро сайёҳлик кўргазмаси ташкил этилди
Малайзияда илк бор “Умра плюс” халқаро сайёҳлик кўргазмаси ташкил этилди
Малайзияда илк бор “Умра плюс” халқаро сайёҳлик кўргазмаси ташкил этилди
Малайзияда илк бор “Умра плюс” халқаро сайёҳлик кўргазмаси ташкил этилди

КУАЛА-ЛУМПУР, 22 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси томонидан мамлакатимиз Туризм қўмитаси ҳамда Умра зиёратлари сайёҳлик агентликлари ассоциацияси билан ҳамкорликда Куала-Лумпур шаҳрида илк бор “HUITM Umra Plus” халқаро сайёҳлик кўргазмаси ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нуфузли анжуман доирасида Ўзбекистоннинг бой зиёрат туризми салоҳиятига бағишланган кенг қамровли тақдимотлар, фотокўргазма ҳамда “G2B” ва “B2B” форматидаги учрашувлар ўтказилди. Мазкур тадбирда Малайзия Дин ишлари вазири ўринбосари Марҳама Росли, Туризм, санъат ва маданият вазирлиги бош котиби Шаҳаруддин бин Абу Соҳот, Малайзия туризм операторлари ассоциацияси раиси Моҳд Халид Харун, “MATTA” ва “BUMITRA” туризм ассоциациялари раҳбарияти, маҳаллий ва хорижий туркомпаниялар, дипломатик корпус ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев тадбир иштирокчиларига мамлакатимизда зиёрат туризми соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хусусида сўзлаб берди. Жумладан, малайзиялик зиёратчилар учун Самарқандда қуриб битказилган муҳташам Имом ал-Бухорий мажмуаси ва Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказида яратилган замонавий ва қулай шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди.

Малайзия фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз режим амал қилаётгани, қолаверса, “Uzbekistan Airways”, “Batik Air Malaysia” ва “Air Asia” авиакомпаниялари томонидан Тошкент, Куала-Лумпур ва Лангкави ороли ўртасида ҳафтасига 8 маротаба тўғридан-тўғри авиапарвозлар йўлга қўйилгани сайёҳлар оқимини оширишда муҳим омил бўлаётгани алоҳида қайд этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Умра зиёратлари сайёҳлик агентликлари ассоциацияси раиси Шерзод Сами ҳамкорларни “Умра плюс” дастурларини Малайзия бозорида биргаликда фаол тарғиб қилишга чақирди. Ўз навбатида, Малайзия туризм операторлари ассоциацияси раиси Моҳд Халид Харун малайзияликлар орасида Имом Бухорий юртига қизиқиш жуда юқори эканини билдирди. У жорий йилда фаолият бошлаган Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги янги мажмуани зиёрат қилиш истагидаги малайзиялик сайёҳлар сони тобора кўпайиб бораётганини мамнуният билан эътироф этди.

Кўргазма доирасида юртимиз туроператорлари томонидан Самарқанд, Бухоро ва Тошкент шаҳарларининг “зиёрат туризми”, “маданий-тарихий”, “гастрономик” ва “Умра плюс” йўналишларидаги янги лойиҳалари тақдимот қилинди ва икки мамлакат компаниялари ўртасида аниқ шартномавий келишувларга эришилди. Шунингдек, миллий ҳунармандчилик ва амалий санъат маҳсулотлари кўргазмаси тадбирга ўзига хос жозиба бахш этди.

Малайзияда муваффақиятли старт олган “HUITM Umra Plus” йирик халқаро сайёҳлик кўргазмаси келгусида дунёнинг бошқа йирик шаҳарларида, хусусан, 23 июнь куни Жакартада, 27 июнь куни Тошкентда (“Ҳумо арена” мажмуасида), 2 июль куни Марокашда, 11 июль куни Истанбулда ва 13 сентябрь куни Олмаотада ўз ишини давом эттиради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш