2027 йил март ойида Россия–Ўзбекистон маданият кунлари ўтказилади
Октябрь 26, 2026. 21:30 • 2 дақ
• 95МОСКВА, 26 октябрь. /“Дунё” АА/. Рус матбуотида 2027 йилда Россия ва Ўзбекистон ўртасида ўтказиладиган маданият кунларига бағишланган туркум материаллар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, бу ҳақда “Российская газета”, “Комсомольская правда”, “НТВ”, “Первый канал”, “ТАСС”, “Ведомости”, “Дзен”, “Вести Кавказа” каби оммавий ахборот воситаларида маълум қилинди.
Материалларда таъкидланишича, тадбирлар 2027 йилнинг март ойида бўлиб ўтади ва мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллигига бағишланади.
Мазкур келишувга 2026 йил 17 октябрь куни Тошкентда “Россия” миллий маркази бош директори Наталья Виртуозова ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ўртасидаги учрашув чоғида эришилган.
Ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумга имзоланган қўшимча битим доирасида томонлар Ўзбекистон кунлари Москвадаги “Россия” миллий марказида ўтказилиши, ўз навбатида, Россия кунларига Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази мезбонлик қилиши қайд этилган. Ушбу ҳужжат 2027–2030 йилларга мўлжалланган гуманитар, маданий ва маърифий лойиҳаларнинг қўшма “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш учун асос яратди.
Хабар қилинишича, “Россия” миллий маркази бош директори Наталья Виртуозова Россия ва Ўзбекистон дўстлиги кўп асрлик муштарак тарих, маданият ва ютуқларга эга эканини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, маданият кунлари доирасида тарихни ёдга олиш, уни асраб-авайлаш, мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик алоқалари ҳамда қўшма лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилади.
Материалларда Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқовнинг ҳам фикрлари келтирилган. Жумладан, у Россиядаги Ўзбекистон кунлари икки давлат ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш йўлида катта қадам бўлишини қайд этган.
“Биз Ўзбекистонда Россия кунларини ўтказишни доимо қўллаб-қувватлаймиз. Вазифамиз – ушбу ҳамкорликни аниқ лойиҳалар билан бойитишдир. Зеро, икки мамлакат халқлари бир-бирининг маданиятини янада чуқурроқ ўрганиши ва уни келажак авлодларга етказиши муҳим аҳамиятга эгадир”, – деди Фирдавс Абдухолиқов.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



