Мазовия воеводалигида “Польша–Ўзбекистон” логистика хаби ташкил этилди
Октябрь 27, 2026. 09:30 • 2 дақ
• 117ВАРШАВА, 27 октябрь. /“Дунё” АА/. Польшанинг “ATT Logistics” компанияси базасида “Польша—Ўзбекистон” логистика хаби ишга туширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур хаб ўзбек тадбиркорларининг Европа Иттифоқи грант лойиҳаси доирасида 19–22 октябрь кунлари Польшага амалга оширган ташрифи чоғида ташкил этилди. Мазовия воеводалигида жойлашган “ATT Logistics” халқаро юк ташиш соҳасидаги етакчи компаниялардан бири ҳисобланади. У Европа Иттифоқи ва МДҲ йўналишларида мунтазам қатновларни амалга оширади, “Euro-6” стандартидаги 100 тадан ортиқ замонавий юк машинаси ҳамда 15 минг квадрат метрдан зиёд очиқ ва ёпиқ омбор майдонига эга. Янги хаб учун махсус 1 минг квадрат метр майдон ажратилди.
Хаб товар айирбошлашни кўпайтириш, тадбиркорларга қўшимча қулайликлар яратиш, шунингдек, миллий маҳсулотларни Европа бозорига тизимли ва тезкор етказиб бериш ҳамда Марказий ва Шарқий Европанинг йирик савдо тармоқларига тўсиқсиз чиқишини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
Ташриф доирасида Польша қишлоқ хўжалиги ва қишлоқни ривожлантириш вазири ўринбосари Яцек Черняк, Қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш миллий маркази (KOWR), “Wody Polskie” давлат сув хўжалиги ва бошқа ташкилотлар раҳбарияти билан учрашувлар ўтказилди.
Делегация Польшанинг етакчи саноат ва савдо объектларида бўлиб, уларнинг ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда замонавий технологиялари билан яқиндан танишди. Жумладан, қишлоқ хўжалиги ва коммунал техника заводи (“Pronar”), “Dary Natury” компанияси (органик маҳсулотлар ва доривор ўсимликлар), “Verifis” корхоналари (модулли мебель тизимлари) ва “MOSCIBRODY” (гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш) шулар жумласидандир.
Шунингдек, “Topaz” минтақавий савдо тармоғи раҳбарияти билан экспорт-импорт масалалари ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан музокаралар ўтказилди.
Мазкур бизнес-миссия Тошкент вилояти ва Польша минтақалари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун мустаҳкам пойдевор яратди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси





