Ўзбекистон ва БАА ўртасида ижтимоий-гуманитар ҳамкорлик янада мустаҳкамланмоқда
Август 09, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 128
АБУ-ДАБИ, 9 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Умид Шодиев томонидан “Dubai International Humanitarian Aid & Development Conference & Exhibition” (DIHAD) ташкилоти бош директори Холид Ал Аттар билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув давомида ижтимоий-гуманитар соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, халқаро тажриба алмашиш, истиқболли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳамда келгусидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
DIHAD 2004 йилда Дубай шаҳрида БАА Бош вазири, вице-президенти ва Дубай ҳокими шайх Муҳаммад бин Рашид Ол Мактум ҳомийлигида ташкил этилган бўлиб, “INDEX Conferences & Exhibitions” таркибига киради.
Ташкилот БМТ агентликлари, “UAE Aid Agency”, “Mohammed bin Rashid Al Maktoum Global Initiatives”, “Dubai Humanitarian”, БАА Қизил Ярим Ой Жамияти ҳамда бошқа халқаро тузилмалар билан ҳамкорликда гуманитар ёрдам соҳасида фаолият юритувчи ташкилотлар, давлат идоралари, илмий муассасалар ва хусусий сектор вакилларини ягона мулоқот майдонида бирлаштириб келмоқда.
2022 йилда DIHAD ҳамда Испаниянинг “Universidad Católica San Antonio de Murcia” университети ҳамкорлигида “DIHAD Humanitarian College” ташкил этилган. Ушбу олий таълим муассасасида барқарор гуманитар фаолият бўйича бакалавриат, магистратура ва докторантура дастурлари жорий этилган бўлиб, унда грант асосида Ўзбекистон фуқаролари ҳам таҳсил олган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси