Ўзбекистон ва Хитой ўртасида касбий таълим йўналишида қўшма дастурлар ишлаб чиқилади
Август 11, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 7
ГУАНЧЖОУ, 11 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Профессионал таълим агентлиги, Андижон вилоятидаги 3- ва 4-сонли техникумлар ҳамда Гуандун политехника фан ва техника коллежи вакиллари ўртасида онлайн мулоқот бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Юртимизнинг Гуанчжоудаги Бош консулхонаси кўмагида ташкил этилган мулоқот давомида томонлар халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, талабалар ва ўқитувчилар алмашинуви, қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш масалаларини муҳокама қилди.
Гуандун политехника фан ва техника коллежи вакиллари Ўзбекистон техникумларида робототехника, сунъий интеллект ва бошқа йўналишлар бўйича маҳорат дарсларини ўтказиш, Андижон вилоятидаги 4-сонли техникум билан ҳамкорлик шартномасини имзолашдан манфаатдор эканини билдирди.
Томонлар “Uzbekistan–China” рақамли платформасини яратиш орқали “Foreign Language + Vocational Skills” (хорижий тил + касбий кўникмалар) моделини ривожлантириш, маҳаллий техникумларда Хитой коллежининг касбий стандартлари, ўқув дастурлари ва материалларини жорий этиш имкониятларини кўриб чиқишга келишиб олди.
Хитой томонининг Ўзбекистонга сентябрь ойида ташкил этиладиган ташрифи доирасида компьютер муҳандислиги ва технологиялари, сунъий интеллект, бизнес ва амалий хорижий тиллар бўйича маҳорат дарслари ўтказилиши режалаштирилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси