Москва автомобиль йўллари давлат техника университетида Ўзбекистоннинг маданий ва сайёҳлик салоҳияти намойиш этилди
Апрель 18, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 73
МОСКВА, 18 апрель. /«Дунё» АА/. Москва автомобиль йўллари давлат техника университетида (МАДИ) "Менинг ватаним" халқаро талабалар фестивали бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбир давомида ўзбекистонлик талабалар мамлакатимизнинг маданий ва сайёҳлик салоҳиятини намойиш этди.
Фестиваль дастури жаҳон анъаналарининг ёрқин калейдоскопига айланди. Университетнинг марказий залида халқ ҳунармандчилигининг кенг кўламли кўргазмаси бўлиб ўтди, унда санъат буюмлари, шунингдек, турли халқларнинг ўзига хос миллий таомлари намойиш этилди.
Ўзбекистонлик талабаларнинг тақдимоти тадбир иштирокчилари ва меҳмонларининг диққат марказига айланди. Улар томонидан безатилган Ўзбекистон миллий стенди меҳмонлар эътиборини тортди, миллий либослар ва жўшқин рақслар ҳақиқий ҳайрат уйғотди.
Шунингдек, тадбир доирасида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган тарқатма материаллар билан махсус ҳудуд ташкил этилди.
Таъкидлаш жоизки, МАДИ Россиянинг хорижий кадрлар тайёрлаш бўйича етакчи олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда университет 67 та давлат учун мутахассислар тайёрламоқда.
2007 йилда бошланган "Менинг ватаним" фестивали кўп миллатли талабалар муҳитида маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлаш, маънавий қадриятларни бойитиш ва дўстликни ривожлантириш учун муҳим платформага айланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси