Logo

ШҲТда ўзбек миллий маданияти эътироф қилинди

Апрель 18, 2026. 11:30 • 2 дақ

60
ШҲТда ўзбек миллий маданияти эътироф қилинди
ШҲТда ўзбек миллий маданияти эътироф қилинди

ПЕКИН, 18 апрель. /“Дунё” АА/. Пекин шаҳридаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) котибиятида Наврўз айёмига бағишланган маданий байрам тадбири бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тантанада ШҲТга аъзо, кузатувчи ва мулоқот бўйича ҳамкор давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари вакиллари, Хитойнинг вазирлик ва идоралари, илмий-академик доиралари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Тадбирда Наврўзнинг халқаро мақоми, хусусан, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 21 мартнинг “Халқаро Наврўз куни” деб эълон қилингани ва ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилгани тинчлик ва бирдамлик рамзи сифатида юқори баҳоланди. Байрамнинг асосий ғоялари – яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч “Шанхай руҳи” тамойиллари билан ҳамоҳанг экани таъкидланди.

Делегациялар томонидан ташкил этилган миллий кўргазмалар орасида Ўзбекистон павильони ўзгача ранг-баранглиги ва нафис дизайни билан ажралиб турди. Унда намойиш этилган сўзаналар, адрас матолари, миллий либослар ва зардўзлик намуналари меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Иштирокчилар байрам тадбири давомида нафақат ўзбек ҳунармандчилиги дурдоналаридан баҳраманд бўлди, балки миллий куй-қўшиқ ва рақс намуналарини кўриб, кайфиятини кўтарди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш