Германияда анъанавий “Davra Cup - 2026” футбол турнири ўтказилди

Июнь 01, 2026. 09:25 • 3 дақ

64
Германияда анъанавий “Davra Cup - 2026” футбол турнири ўтказилди
Германияда анъанавий “Davra Cup - 2026” футбол турнири ўтказилди
Германияда анъанавий “Davra Cup - 2026” футбол турнири ўтказилди
Германияда анъанавий “Davra Cup - 2026” футбол турнири ўтказилди

МЮНХЕН, 1 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Мустақиллигининг 35–йиллиги ва Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги юбилей саналари муносабати билан Мюнхен шаҳрида “Davra Cup - 2026” кубоги катта анъанавий футбол турнири ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбир “Давра” ўзбек-немис маданий ва спорт жамияти томонидан “Ватандошлар” жамоат фонди ва мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди.

2013 йилдан буён мунтазам равишда ўтказилиб келинаётган мазкур турнир ватандошларимиз орасида йилда бир бора дийдор кўришиш ва футбол майдонида дўстона белашиш учун яхши анъанага айланиб улгурган.

Мусобақа бошланишидан аввал қатнашчиларга мамлакатимиз дипломатик ваколатхонаси ходимлари томонидан Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида республикамизда амалга оширилаётган ёшларга оид сиёсатнинг асосий йўналишлари ва пировард мақсадлари ҳақида маълумотлар берилди. Бунда болалар ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила манфаатларини ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий ҳимоя қилишни кучайтириш, оилани қўллаб-қувватлаш, жисмонан соғлом, маънавий жиҳатдан етук ва баркамол авлод етиштиришда оиланинг ижтимоий-маънавиятини юксалтиришда унинг ролини оширишга қаратилган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, Германия ёшлари ва жамоатчилигини ўзбек халқи тарихи ва маданияти, республиканинг замонавий тараққиёти билан яқиндан таништириш, мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар ва академик алоқаларни мустаҳкамлашда ўзбекистонлик талаба ёшларнинг иштироки муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Одатдагидек турнирдан олдин қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Унда ҳар бир жамоадан икки нафар вакил қатнашди. Қуръа ташлаш маросими замонавий футбол тартиб-қоидаларига монанд тарзда шаффофлик билан ташкил этилди. Жорий йилги спорт тадбирида 28 жамоа гуруҳларга бўлиниб баҳс олиб боришига келишиб олинди.

Бош соврин учун ўтган 2025 йилги мусобақанинг амалдаги чемпиони “FC Real Uragan” турнирнинг 8 карра ғолиби “FC München” жамоасига қарши майдонга тушди. Муросасиз ва жанговар кечган беллашувда дуранг натижа қайд этилди. Пенальтилар баҳсида мюнхенликларни қўли баланд келди. Турнир сўнгида совриндор жамоаларга кубок ва медаллар билан бир қаторда, энг яхши ўйинчи, тўпурар ва дарвозабон номинациялари бўйича диплом ва эсдалик совғалар топширилди.

Бундан ташқари, аёллар ўртасида волейбол бўйича 4 жамоа иштирокида мусобақа ўтказилди. Ғолиб ва совриндор жамоаларга эсдалик совғалар топширилди. Ушбу мусобақа аёлларнинг соғлом турмуш тарзига бўлган қизиқишини янада ошириш ва саломатликларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди. Волейбол мусобақаси аёллар ўртасида спортга бўлган қизиқишни янада ривожлантиришга замин яратади, албатта. Ўсмирлар ва болалар учун арқон тортиш, мини гольф, арқондан сакраш ҳамда расм чизиш ва бошқа қизиқарли интерактив фаол ўйинлар уюштирилди. Ота-оналар эса фарзандларининг ижодларидан ва мароқли дам олишларидан мамнун бўлишди.

Футбол турнири якунида барча иштирокчилар ва мухлислар учун анъанавий ўзбекона миллий дастурхон ёзилди. Тадбир ўзбекистонлик талабалар учун бўш вақтларини фойдали ва мароқли ўтказиш, янги дўстлар орттириш, шу билан бирга, элчихона дипломатларидан ўзларини қизиқтирган консуллик, ҳуқуқий ва фуқаролик масалалари бўйича саволларга жавоб олишлари учун яхши имконият бўлди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш