Новосибирсқда ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига сайёр консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди
Октябрь 18, 2026. 09:10 • 2 дақ
• 69
НОВОСИБИРСК, 18 октябрь. /“Дунё” АА/. Бош консулхона дипломатлари томонидан Россиядаги бильярд ва теннис столларини ишлаб чиқариш бўйича энг йирик корхоналардан бирида меҳнат қилаётган ватандошларимиз билан навбатдаги сайёр учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур фабрикада турли мутахассисликлар бўйича, жумладан, сонли дастурий бошқарув станоклари оператори каби юқори малакали мутахассис сифатида 120 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси фаолият юритмоқда.
Корхона вакилларининг маълум қилишича, ўзбекистонлик ходимларга турар жой ва икки маҳал иссиқ овқат бепул тақдим этилади, шунингдек, меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун патент расмийлаштириш харажатларининг асосий қисми иш берувчи томонидан қопланади. Бундан ташқари, фабрика раҳбарияти яна 15 нафар Ўзбекистон фуқаросини қўшимча равишда ишга қабул қилишни режалаштирмоқда.
Учрашув давомида Бош консулхона ходимлари консуллик-ҳуқуқий масалалари бўйича батафсил маслаҳатлар бериб, Россия Федерацияси, жумладан, Новосибирск вилояти ҳудудида амал қилувчи миграция қонунчилиги талабларини тушунтирдилар. Шунингдек, шахсий ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиш бўйича зарур тавсиялар берилди.
Ватандошларимиз билан мулоқот чоғида Бош консулхона ва Миграция агентлиги ваколатхонаси зарур ҳужжатларни расмийлаштиришда, кўзда тутилган ҳолларда бир марталик моддий ёрдам кўрсатишда ҳамда Новосибирск вилояти ҳудудида Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда доимо кўмак беришга тайёрлиги алоҳида таъкидланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси