Водийлик юртдошларимиз Туркиянинг Баликесир вилоятида қурилиш соҳасида иш бошламоқда

Октябрь 12, 2026. 11:00 • 2 дақ

• 328
Водийлик юртдошларимиз Туркиянинг Баликесир вилоятида қурилиш соҳасида иш бошламоқда

ИСТАНБУЛ, 12 октябрь. /“Дунё” АА/. Туркиядаги ватандошларни иш билан таъминлаш, улар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, меҳнат ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда турк компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Хусусан, юртимиз дипломатик идоралари томонидан Туркиянинг Баликесир вилоятида фаолият юритаётган “Hicri Ercili” компанияси билан олиб борилган музокаралар натижасида ҳамюртларимизни қурилиш соҳасида иш билан таъминлаш имконияти яратилди.

Мазкур йўналишда Бош консулхона, “Hicri Ercili” компанияси ҳамда “ADS Hukuk” юридик фирмаси ўртасидаги ҳамкорлик доирасида дастлабки босқичда жами 200 нафар ватандошимизни Туркияга ишга жалб этиш чоралари кўриб чиқилди.

Мазкур лойиҳа доирасида Ўзбекистондан қурилиш соҳасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун жалб қилинган фуқароларнинг биринчи гуруҳи Истанбулга етиб келиб, Баликесир вилоятидаги иш жойига йўл олди.

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидан келган юртдошларимиздан иборат гуруҳ вакиллари билан учрашув ўтказилди. Бош консулхона дипломатлари уларга маҳаллий қонунчилик талабларига риоя этиш, меҳнат шартномаларида белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳамда консуллик ҳимояси масалалари бўйича тегишли тушунтиришлар берди.

“ADS Hukuk” юридик фирмаси билан ҳамкорликда ҳамюртларимизнинг иш рухсатномалари, ижтимоий суғурта, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши, яшаш ва меҳнат шароитлари билан боғлиқ ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш