Ўзбекистонлик ўқувчилар ўртасида Покистонда «Хориждаги ватандошлар диктанти» мавзусида танлов ўтказилди
Ноябрь 12, 2026. 15:00 • 3 дақ
• 90ИСЛОМОБОД, 12 ноябрь. /“Дунё” АА/. Покистон пойтахтидаги «Westminster Islamabad» мактабида таҳсил олаётган ватандош ўқувчилар иштирокида «Хориждаги ватандошлар диктанти» мавзусида ўзбек тилида диктант ёзиш бўйича танлов ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Лойиҳадан кўзланган мақсад хорижда истиқомат қилаётган ёш авлод вакиллари ўртасида она тилимиз – ўзбек тилига бўлган меҳр ва ҳурматни кучайтириш, ўзбек тилининг бой имкониятларини намоён этиш, ёзма нутқ ва имло саводхонлигини ошириш, шунингдек, миллий ўзлик ва Ватанга дахлдорлик туйғуларини мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Танлов Ўзбекистон элчихонаси ва «Westminster Islamabad» мактаби ўқитувчиси, ватандошимиз Эльза Амирова томонидан ташкил қилди. У ўқувчиларнинг диктант ёзиш жараёнини кузатди ва уларнинг ишларини имло қоидалари, тиниш белгиларидан тўғри фойдаланиш, сўзларнинг ёзилиши ва матн мазмунини тўғри англаш мезонлари асосида баҳолади.
Танлов давомида ўқувчилар ўзбек тилидаги матнни диққат билан тинглаб, уни ёзма равишда ифода этишга ҳаракат қилдилар. Айниқса, хорижда таълим олаётган фарзандларимизнинг ўзбек тилидаги билим ва кўникмаларини синаб кўриши, ўзбек тилида эркин фикрлаш ва саводли ёзишга интилиши танловнинг аҳамиятини янада оширди.
Танлов якунида иштирокчиларнинг ишлари таҳлил қилиниб, йўл қўйилган имловий ва услубий хатолар юзасидан тушунтиришлар берилди. Хусусан, ватандош ўқувчиларга ўзбек тилининг имло меъёрларига риоя қилиш, китоб мутолаасига кўпроқ эътибор қаратиш ва ёзма нутқни мунтазам ривожлантириш бўйича тавсиялар билдирилди.
“Хорижда яшаш ва таълим олиш фарзандларимизнинг ўзбек тилига бўлган меҳрини сусайтирмаслиги керак. Аксинча, қаерда бўлмайлик, ўз тилимизни, миллий қадриятларимизни ва маданиятимизни асраб-авайлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир, – деди танлов ташкилотчиси Эльза Амирова. – Бугунги танловда ўқувчиларимизнинг ўзбек тилида диктант ёзишга бўлган қизиқиши, масъулияти ва интилиши мени жуда қувонтирди. Албатта, айрим ўқувчиларда имло ва тиниш белгилари билан боғлиқ камчиликлар кузатилди. Бироқ бу табиий ҳолат. Муҳими, улар ўз билимларини синаб кўришга ҳаракат қилдилар, хатоларини англадилар ва улар устида ишлаш имкониятига эга бўлдилар”.
Танлов якунида ҳар бир ўқувчининг иши нафақат хатолар сони, балки унинг интилиши, диққати ва она тилига бўлган муносабатини ҳам ҳисобга олган ҳолда баҳоланди. Зеро, тилни ўрганиш – бу фақат саводхонлик эмас, балки миллий ўзлигини асраш демакдир.
“Westminster Islamabad” мактабида ташкил этилган мазкур ташаббус хориждаги ватандошлар ўртасида ўзбек тилини асраб-авайлаш, тарғиб қилиш ва хориждаги юртдошларимиз ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



