Венада Ўзбекистон иштирокида уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўйича халқаро тадбир ўтказилди
Ноябрь 12, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 13
ВЕНА, 12 ноябрь. /“Дунё” АА/. Австрия пойтахтида БМТнинг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши конвенцияси иштирокчилари конференциясининг 13-сессияси доирасида халқаро тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Ҳаракатларни фаоллаштириш: уюшган жиноятчиликка қарши курашиш стратегияларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги ютуқлар ва имкониятлар” мавзусида бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон Буюк Британия ва Гана билан биргаликда ҳамташкилотчи сифатида иштирок этди. Тадбир БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси кўмагида ўтказилди.
Халқаро анжуманда давлат органлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари, соҳа мутахассислари трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг замонавий таҳдидлари, уларга қарши курашишнинг самарали механизмлари ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Тадбирда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, миллий хавфсизлик механизмларини такомиллаштириш ва уюшган жиноятчиликка қарши курашишнинг комплекс ёндашувини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуроллар назорати агентлиги директори ўринбосари Жобир Азимов жиноий тармоқларнинг тобора мураккаблашиб бораётгани, рақамли платформалар, замонавий коммуникация технологиялари ва янги молиявий воситалардан фойдаланиш кўлами кенгаяётгани ушбу таҳдидларга қарши давлатларнинг мувофиқлашган ҳаракатларини талаб этишини таъкидлади.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг 2027–2030 йилларга мўлжалланган Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш миллий стратегиясини ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди. Мазкур ҳужжат уюшган жиноятчилик таҳдидларини эрта аниқлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва профилактика механизмлари самарадорлигини ошириш, идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда аниқ ва ўлчанадиган натижаларга эришишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Тадбир доирасида Самарқанд декларациясининг тақдимоти ҳам ўтказилиб, унда трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашишда халқаро ҳамкорликни янада кучайтириш ва давлатларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга қаратилган ёндашувлар акс эттирилди.
Муҳокамалар давомида молиявий терговлар самарадорлигини ошириш, жиноий активларни қайтариш, таҳдидларни таҳлилий баҳолаш, фуқаролик жамияти институтларини жалб этиш ва жабрланувчиларни ҳимоя қилиш каби масалалар ҳам кўриб чиқилди.
БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси маълумотига кўра, 2021 йилдан буён ташкилот 26 та давлат ва минтақавий тузилмага уюшган жиноятчиликка қарши комплекс стратегияларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда кўмаклашган.
Тадбир якунида трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши самарали курашиш миллий чора-тадбирлар билан бир қаторда ўзаро ишонч, умумий масъулият ва амалий натижаларга асосланган барқарор халқаро ҳамкорликни талаб этиши таъкидланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси