Беларусь пойтахтида IV Минск Евроосиё хавфсизлиги халқаро конференцияси бўлиб ўтди

Ноябрь 12, 2026. 14:30 • 2 дақ

• 28
Беларусь пойтахтида IV Минск Евроосиё хавфсизлиги халқаро конференцияси бўлиб ўтди

МИНСК, 12 ноябрь. /“Дунё” АА/. Беларусь пойтахтида бўлиб ўтган IV Минск Евроосиё хавфсизлиги халқаро конференцияси замонавий геосиёсий вазият, халқаро муносабатлардаги инқирозлар ҳамда янги хавфсизлик архитектурасини шакллантириш масалаларига бағишланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Дунёнинг 50 га яқин давлатидан 800 нафардан ортиқ сиёсатчи, дипломат ва халқаро экспертни бирлаштирган анжуманда анъанавий халқаро хавфсизлик механизмлари ўз долзарблигини йўқотаётгани таъкидланди. Иштирокчилар технологик, иқтисодий ва мудофаа соҳаларида тенг ҳуқуқлиликка асосланган янги қоидаларни ишлаб чиқиш зарурлигини қайд этди.

Форумда “XXI асрда хилма-хиллик ва кўп қутблиликнинг Евроосиё хартияси” концепцияси илгари сурилди. Ушбу ташаббус давлатлар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, хавфсизлик тамойилларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, қуролланиш устидан назорат, сунъий интеллект ҳамда киберхавфсизлик масалаларида биргаликда ҳаракат қилишга қаратилган.

Тадбирда ШҲТ, МДҲ каби тузилмалар раҳбарияти ва ЕХҲТ вакиллари иштирок этиб, халқаро миқёсдаги мулоқотни тиклаш йўлларини муҳокама қилди.

Анжуманда қатнашган ўзбекистонлик сиёсатшунос, “Маъно” тадқиқот ташаббуслари маркази директори Бахтиёр Эргашев “Беларусь 24” телеканалига интервью бериб, конференцияда муҳокама қилинган технология, мудофаа ва иқтисодиёт соҳаларидаги глобал муаммолар ҳамда геосиёсий кескинлик нуқталарини камайтириш механизмлари бўйича ўз фикрларини билдирди.

Минскда ўтказилган конференция Евроосиё маконида хавфсизликни таъминлаш барча давлатларнинг манфаатларини ҳисобга олувчи очиқ мулоқот ва умумий масъулият орқали амалга ошиши мумкинлигини кўрсатди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш