Чиниот шаҳрида Ўзбекистон–Покистон бизнес-форуми ўтказилди
Июнь 12, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 81
ИСЛОМОБОД, 12 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари хизмат сафари билан Покистоннинг Чиниот шаҳрида бўлди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Сафар мамлакатимизнинг иқтисодий дипломатиясини илгари суриш, мазкур давлат бизнес доиралари вакилларининг Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар, экспорт ва импорт алоқаларини кенгайтириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги хабардорлигини ошириш мақсадида ташкил этилди.
Ташриф чоғида Чиниот савдо-саноат палатаси президенти Фаҳад Наим Фахри ва палата аъзолари иштирокида бизнес-форум ташкил этилди.
Тадбир давомида иштирокчилар эътиборига Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятига бағишланган тақдимот ҳавола этилди. Иштирокчиларга мамлакатимизда бизнесни ташкил этиш ва юритиш учун яратилган қулай муҳит, хорижий инвесторларга тақдим этилаётган ҳуқуқий кафолатлар ва имтиёзлар ҳақида маълумот берилди.
Шу билан бирга, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, фармацевтика, мебелсозлик каби устувор тармоқлардаги инвестиция имкониятлари, мамлакатимизда фаолият юритаётган эркин иқтисодий зоналар ва уларнинг афзалликлари хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.
Фаҳад Наим Фахри Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш ҳамда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун катта салоҳият мавжудлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, у чиниотлик тадбиркорлар ўзбекистонлик ҳамкорлар билан биргаликда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан картошка ва гуруч етиштириш, чорвачилик ҳамда мебель ишлаб чиқариш соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини ўрганишдан манфаатдор эканини билдирди.
“Биз Чиниот бизнес-делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш устида ишлаймиз ва яқин вақт ичида амалий чораларни бошлаймиз”, деди Чиниот савдо-саноат палатаси президенти.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси