Россия пойтахтида ўтказилган ифторликда бухоролик имом-хатиб маъруза қилди
Февраль 28, 2026. 10:29 • 2 дақ
• 65МОСКВА, 28 февраль. /“Дунё” АА/. “Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” эзгу ғоя асосида хорижда меҳнат қилаётган ва яшаётган ватандошлар иштирокида ҳам турли хайрия тадбирлари ўтказилмоқда, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, юртимизнинг Россиядаги элчихонаси томонидан “Ант Япи” халқаро қурилиш ҳолдингда меҳнат қилаётган ватандошлар учун ифторлик ташкил этилди
Мазкур тадбирда ушбу корхонада фаолият юритаётган
600 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари, Бухоро вилоятидаги “Халифа Худойдод” масжиди имом-хатиби Одилжон Саъдиллоев иштирок этди. Имом-хатиб мазкур тадбирда ҳамюртларимизга Рамазон ойи фазилатлари ва муқаддас ислом дини ҳақида кенг тушунча бериш мақсадида Ўзбекистондан ташриф буюрди.
Имом-хатиб юртдошларимизни Рамазон ойи билан самимий муборакбод этиб, диёримизда муқаддас Рамазон ойида амалга оширилаётган хайрли ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Хусусан, эҳтиёжманд оилалар ҳамда мураккаб ҳаётий вазиятга тушиб қолган шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар хусусида тўхталиб ўтди. Қайд этилганидек, мазкур даврда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Рамазон кунларида кексалар, ёлғиз ва эҳтиёжманд инсонларга ғамхўрлик кўрсатиш нафақат давлатнинг ижтимоий мажбурияти, балки жамиятнинг юксак маънавий қадрияти экани қайд этилди.
Тадбир давомида ватандошларимизга ўзбек халқининг бой ва қадимий тарихи, унинг беқиёс маънавий мероси ҳамда буюк аждодларимизнинг жаҳон ва ислом цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида сўз юритилди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга, турли миллат ва дин вакиллари ўртасида тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган оқилона сиёсатга юксак баҳо берилди.
Ифтор тадбири юксак ташкилий савияда, самимий ва байрамона руҳда ўтказилиб, ҳамжиҳатлик ва дўстлик муҳити ватандошларимиз қалбида чуқур таассурот қолдирди.
Муқаддас Рамазон кунларида улар Ўзбекистон ҳукумати ва бутун ўзбек халқининг самимий эътибори ҳамда доимий ғамхўрлигини яна бир бор ҳис этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



