Покистон ОАВ: Расмий Тошкент ва Исломобод ўртасидаги муносабатлар ўзаро ишонч ва манфаатларга ҳурмат тамойиллари асосида изчил ривожланмоқда
Февраль 28, 2026. 10:00 • 4 дақ
• 127ИСЛОМОБОД, 28 февраль. /“Дунё” АА/. Покистоннинг марказий оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон билан муносабатларининг ҳолати ва истиқболларига бағишланган мақолаларни эълон қилишда давом этмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, ушбу мамлакатнинг «DNA» ахборот агентлиги, «Daily Ittehad», «Daily Independent», «Islamabad Post» газеталарида, «Centreline» журналида, «World News Pakistan», «The Gulf Observer», «Sub News», «Infora News», «The Diplomatic Insight», «MNN NEWS», «Diplomatic Affairs», «Cpec News», «Daily Sub News», «Margalla Tribune», «Network News Pakistan», «Media Online Today», «Khyber Mail» ва бошқа электрон нашрларида Ўзбекистон Ташқи сиёсий тадқиқотлар ва халқаро ташаббуслар маркази эсперти Бекзод Алимжоновнинг «Ўзбекистон ва Покистон дўстлик кўприкларини мустаҳкамламоқда» сарлавҳали мақоласини чоп этилди.
Муаллифнинг ёзишича, Ўзбекистон мустақиллигининг илк кунларидаёқ Покистон бу тарихий воқеани катта ҳаяжон билан қарши олган. Узоқ юртдаги инсонлар томонидан Ўзбекистон мустақиллигини самимий қабул қилингани ҳам қувонарли, ҳам бироз ҳайратланарли ҳол эди.
«Кейинчалик Покистонга қилган сафарим давомида мен шу самимий муносабатни яна бир бор ҳис қилдим. Мамлакатларимиз ўртасидаги географик масофага қарамай, маънавий яқинликни, покистонлик дўстларимизнинг қувончларимизга шерик бўлиб, қийин пайтларда ҳам елкадош бўлишга тайёр эканини яққол сездим, – деб ёзган у. – Вақт ўтиши билан англадимки, бу яқинлик асрлар давомида шаклланган. Бугунги Ўзбекистон ҳудудларидан чиққан саёҳатчилар савдо-сотиқ ва зиёрат мақсадида Ҳиндистон яримороли томон йўл олганлар ва шу тариқа мустаҳкам алоқаларга пойдевор қўйганлар. Буюк ипак йўли мероси ва тасаввуф анъаналари таъсири билан бойиган тарихий, маданий ва маънавий ришталар халқларимиз ўртасида чуқур ва бардавом дўстликни шакллантирган».
Таъкидланишича, халқларимизни янада яқинлаштиришда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг муштарак мероси алоҳида аҳамият касб этади. Унинг бой тарихи ва мероси ҳам Ўзбекистон, ҳам Покистон учун муҳимдир. Ушбу умумий мерос анъаналаримиз, тилларимиз ва маданий дунёқарашимиздаги ўхшашликларга замин яратган.
Икки томонлама муносабатлар изчил равишда кенгайиб бориб, 2021 йилда стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Бу эса муносабатлар чуқурлашиб бораётгани, ҳамкорлик қамрови кенгайгани ва янги йўналишлар қўшилаётганининг ёрқин ифодасидир.
Ташқи сиёсий тадқиқотлар ва халқаро ташаббуслар маркази эспертига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги дўстона муносабатларнинг изчил мустаҳкамланишида икки давлат раҳбарлари — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг қатъий сиёсий иродаси ҳамда улар ўртасида шаклланган ишончли ва конструктив мулоқот муҳим ўрин тутмоқда. Бу эса ўзаро англашувни янада чуқурлаштириш ва кўп йиллик дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга бўлган умумий интилишни акс эттиради.
Сўнгги ўн йиллик давомида Ўзбекистон ва Покистон сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, мудофаа ва хавфсизлик соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш, маданий-гуманитар алмашинувларни фаоллаштириш ҳамда минтақавий ва халқаро масалалар бўйича мувофиқлашувни мустаҳкамлаш йўналишларида сезиларли ютуқларга эришди.
Бугунги кунда расмий Тошкент ва Исломобод ўртасидаги муносабатлар яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва манфаатларга ҳурмат тамойиллари асосида изчил ривожланмоқда. Институционал алоқалар мустаҳкамланди, сиёсий ишонч ошди, икки мамлакат давлат идоралари ва ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорлик янада жадал тус олмоқда.
«Минтақадаги вазият тобора қулайлашаётган шароитда Президент Шавкат Мирзиёев Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқадорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Жумладан, Ўзбекистонни Покистон денгиз портлари билан боғлашга қаратилган йирик лойиҳа илгари сурилмоқда. Юқори даражадаги мулоқот ва давлат органлари ўртасидаги ҳамкорлик ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилиб, қатор устувор йўналишларда ҳамкорликни чуқурлаштириш учун янги имкониятлар яратмоқда», – дея қайд этилган материалда.
Муаллиф мақоласи хулосасида таъкидлаганидек, Ўзбекистон–Покистон муносабатлари сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда изчил ривожланмоқда. Бу нафақат дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга бўлган умумий интилишни акс эттиради, балки узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли шериклик учун янги имкониятлар очиб, кенг минтақада барқарорлик ва барқарор тараққиётга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


