Ўзбекистонлик солиқчилар Санкт-Петербургда малака оширмоқда

Июль 14, 2026. 20:25 • 2 дақ

54
Ўзбекистонлик солиқчилар Санкт-Петербургда малака оширмоқда

САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 14 июль. /“Дунё” АА/. Россия Федерал солиқ хизмати ва Ўзбекистон Солиқ қўмитаси ҳамкорлигидаги қўшма таълим дастурининг иккинчи босқичига бағишланган учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Россия Федерал солиқ хизматига қарашли Санкт-Петербург қўшимча касбий таълим муассасаси солиқ органлари ходимлари ва давлат хизматчилари учун малака ошириш ҳамда қайта тайёрлаш курсларини ташкил этади.

Ушбу муассаса замонавий ўқув-лаборатория базаси билан жиҳозланган бўлиб, россиялик мутахассислар ҳамда хорижлик солиқ идоралари вакиллари учун турли таълим дастурларини амалга ошириб келмоқда.

Шунингдек ўқинг

Учрашув давомида Россия Федерал солиқ хизмати раҳбарияти икки мамлакат солиқ идоралари ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари, хусусан, Санкт-Петербург қўшимча касбий таълим муассасасида тажриба оширишнинг аҳамияти хусусида алоҳида тўхталиб ўтди.

Малака ошириш дастури икки ҳафталик даврга мўлжалланган бўлиб, унда Ўзбекистон Солиқ қўмитасининг 34 нафар ходими касбий билимини ривожлантирмоқда. Ўқув режасига кўра, машғулотлар тўрт йўналишда ташкил этилади. Иштирокчилар молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари ва самарали музокаралар олиб бориш технологияси бўйича малака оширади.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда Ўзбекистон Солиқ қўмитасининг 99 нафар ходими ушбу малака ошириш курсларида солиқ ва солиққа тортиш методологияси бўйича касбий саводхонлигини ошириб қайтган эди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш