Logo

Швейцарияда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти намойиш этилди

Декабрь 24, 2025. 12:44 • 2 дақ

118
Швейцарияда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти намойиш этилди
Швейцарияда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти намойиш этилди
Швейцарияда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти намойиш этилди
Швейцарияда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти намойиш этилди
Швейцарияда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти намойиш этилди
Швейцарияда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти намойиш этилди

АЙНЗИДЕЛЬН, 24 декабрь. /“Дунё” АА/. Швейцариянинг Айнзидельн шаҳрида мамлакатимиз туризми салоҳияти, сайёҳлик имкониятлари ва бой маданий меросига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда маҳаллий туроператорлар, сайёҳлик агентликлар, жамоатчилик ва маданият арбоблари иштирок этди.

Тақдимот давомида иштирокчиларга давлатимиз раҳбарининг раҳнамолигида туризм соҳасини иқтисодиётнинг стратегик йўналишига айлантириш бўйича амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, хорижий сайёҳлар учун жорий этилган визасиз режим кўлами кенгайтирилгани, ҳаво транспорти ва логистика тизимининг модернизация қилиниши, меҳмонхона хизматлари ва инфратузилмани жаҳон стандартларига мувофиқлаштириш борасидаги давлат дастурлари алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, жорий йил ноябрь ойида туризм соҳасини янада ривожлантириш борасида Президентимиз томонидан имзоланган ҳужжат тўғрисида маълумот берилди.

Тадбир иштирокчилари ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз каби умрбоқий шаҳарларнинг меъморий дурдоналари акс этган махсус видеолавҳаларни катта қизиқиш билан томоша қилдилар. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг нафақат тарихий, балки экотуризм, гастрономик, зиёрат, спорт, экстремал, қишки туризм ва бошқа йўналишлардаги улкан салоҳияти европаликларда катта таассурот қолдирди.

“Ўзбекистон ўзининг барқарорлиги, хавфсизлик даражаси ва халқининг беқиёс меҳмондўстлиги билан ажралиб туради. Бизнинг мижозларимиз шарқона эртакларни ўз кўзлари билан кўришни исташади ва бунинг учун айнан Ўзбекистон энг муносиб манзилдир”, - дея таъкидлади маданият ходими Кристина Порше.

Мулоқот давомида швейцариялик соҳа мутахассислари Ўзбекистонни Европа сайёҳлик бозори учун ҳали тўлиқ очилмаган, аммо ниҳоятда истиқболли “жавоҳир” деб аташди.

“Ўзбекистон - буюк алломалар юрти ва дунё маданияти бешигидир. Эртакнамо мамлакат, меҳмондўст ва очиқкўнгил инсонлар юрти - Ўзбекистонга бориш ҳар бир европаликнинг орзуидир. Пандемия сабабли амалга ошмай қолган режаларимизни келгуси йили, албатта, ҳаётга татбиқ этиш ниятидамиз. Биз катта мусиқа гуруҳи билан “Шарқ гавҳари” саналмиш ушбу диёрга ижодий сафар қилишни мақсад қилганмиз”, дейди Цюрих шаҳри Мусиқа уюшмаси раҳбари, композитор Жованни Бриа.

Кеча давомида ташкил этилган миллий ҳунармандчилик кўргазмаси - нафис атлас ва адрас матолар, миллий либослар, кулолчилик буюмлари намуналари меҳмонларга ўзбек маданиятининг нақадар бой эканини намойиш этди. Миллий таомлар ва ширинликлар тақдимоти эса тадбирга ҳақиқий шарқона файз бағишлади. Учрашувда келгуси йилда бу каби тадбирларни Швейцариянинг бир неча шаҳарларида ўтказиш юзасидан фикр алмашилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zebo Meliyeva

zebo@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Maftuna Rajabbayeva

maftuna@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш