Балиқ емини ишлаб чиқаришда Дания билан ҳамкорлик йўлга қўйилади
Апрель 28, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 264
СТОКГОЛЬМ, 28 апрель. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Даниядаги элчихонаси дипломатлари ва ушбу давлатда фаолият юритувчи “Aller Aqua” компанияси раҳбарияти ўртасида онлайн музокара ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув давомида аквакультура йўналишида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари, хусусан, Ўзбекистонда Даниянинг илғор технологиялари асосида замонавий балиқ емини ишлаб чиқаришни ташкил этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Компания вакиллари Ўзбекистон бозорига юксак қизиқиш билдириб, лойиҳани амалга ошириш учун истиқболли майдонлар сифатида Фарғона водийсига яқин ҳудудлар, хусусан, Тошкент ва Андижон вилоятларидаги саноат зоналари кўриб чиқилаётганини қайд этди.
Ўз навбатида, дипломатлар мамлакатдаги қулай сармоявий муҳит, эркин ва махсус саноат зоналаридаги имтиёзлар, зарур инфратузилманинг мавжудлиги ҳамда давлат идоралари билан бевосита ҳамкорлик қилиш механизмлари тўғрисида маълумот берди.
Томонлар жорий йил давомида маркетинг тадқиқоти ва техник-иқтисодий таҳлил ўтказиш, бизнес-режа ишлаб чиқиш ҳамда келгуси йилдан инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг амалий босқичига ўтиш ниятида эканини билдирди.
Учрашув якунида шу йил июнь ойида компания делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
1964 йилда Данияда ташкил этилган “Aller Aqua” компанияси балиқ ҳавзалари учун юқори сифатли озуқа ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, Европа, Осиё ва Африка мамлакатларида муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси