Сальвадорнинг Ўзбекистондаги янги элчиси аккредитациядан ўтказилди
Июль 28, 2026. 19:00 • 1 дақ
• 48
ТОШКЕНТ, 28 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бугун Сальвадорнинг юртимиздаги янги элчиси Юрий Павел Сантакрус Пердомони қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Эл-Сальвадор Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси этиб тайинланган Юрий Павел Сантакрус Пердомо жанобларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилишдан мамнунмиз, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг телеграм-каналида. – Сальвадорни Марказий Америкадаги истиқболли шерикларимиздан бири сифатида кўрамиз. Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа соҳаларда изчил кенгайтириш тарафдоримиз.
Элчи жанобларига янги вазифасида муваффақиятлар тилаб, ўзаро муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш учун биргаликда ишлашга тайёр эканимизни билдирдик”.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Сальвадор ўртасида дипломатик алоқалар 2014 йил 3 декабрда ўрнатилган. 59 ёшли Юрий Павел Сантакрус Пердомо, шунингдек, қароргоҳи Москва шаҳрида бўлган ҳолда, Сальвадорнинг Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондаги элчиси ҳам ҳисобланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси