Ўзбекистонда “Ядро фани ва унинг татбиқи” XII Халқаро конференцияси ўз ишини бошлади

Октябрь 12, 2026. 14:30 • 2 дақ

• 85
Ўзбекистонда “Ядро фани ва унинг татбиқи” XII Халқаро конференцияси ўз ишини бошлади
Ўзбекистонда “Ядро фани ва унинг татбиқи” XII Халқаро конференцияси ўз ишини бошлади

ТОШКЕНТ, 12 октябрь. /“Дунё” АА/. Жорий йилнинг 12–15 октябрь кунлари Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институтида мазкур илмий муассасанинг 70 йиллигига бағишланган “Ядро фани ва унинг татбиқи” мавзусидаги XII Халқаро конференция ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нуфузли анжуман Ўзбекистон ва хориждан етакчи олимлар, мутахассислар, илмий-тадқиқот ташкилотлари, олий таълим муассасалари ҳамда саноат корхоналари вакилларини бирлаштирди. Анжуманнинг асосий мақсади – ядро физикаси ва замонавий технологияларни ривожлантиришнинг долзарб ютуқларини муҳокама қилиш, илмий натижалар билан алмашиш ҳамда халқаро илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан иборат.

Тадбирда Австралия, Италия, Хитой, Корея Республикаси, Озарбайжон, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон каби 10 та хорижий давлатдан 100 нафардан ортиқ олим ва мутахассис қатнашмоқда.

Шунингдек, республиканинг турли ҳудудларидаги илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасаларидан 60 нафардан зиёд тадқиқотчилар иштирок этмоқда. Эътиборли жиҳати, қатнашчиларнинг тахминан 45 фоизини 40 ёшгача бўлган ёш олимлар ташкил этади.

Конференция доирасида фундаментал ва амалий ядро физикаси, ядро энергетикаси, ядровий тиббиёт, радиациявий материалшунослик ҳамда активацион таҳлил соҳаларидаги ютуқлар юзасидан ялпи ва шўъба мажлислари ўтказилиб, 20 дан ортиқ ялпи ва 140 дан ортиқ илмий маърузалар тингланади.

1956 йилда ташкил этилган Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институти республика ва Марказий Осиёдаги энг йирик илмий-тадқиқот муассасаларидан биридир. Етмиш йил давомида институт фундаментал ва амалий ядро физикаси, радиациявий физика, радиокимё, ядро энергетикаси, ядровий тиббиёт ҳамда материалшунослик йўналишларида салмоқли натижаларга эришди. Ҳозирги кунда илмий ишлар ВВР-СМ тадқиқот ядро реактори, циклотрон, чизиқли электрон тезлатгич каби ноёб экспериментал инфратузилмалар ёрдамида амалга оширилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш