“Российская газета”: Самара вилоятида 860 нафардан ортиқ ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда
Октябрь 15, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 98
МОСКВА, 15 октябрь. /“Дунё” АА/. Россиянинг нуфузли “Российская газета” нашрида Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов бошчилигидаги делегациянинг Самара вилоятига амалга оширган ташрифига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада қайд этилишича, сафардан кўзланган асосий мақсад минтақанинг саноат ва ижтимоий-иқтисодий салоҳияти билан танишиш ҳамда икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлашдан иборат. Делегация вакиллари Савдо-саноат палатаси ҳамда минтақавий вазирлик ва идоралар раҳбарияти билан музокаралар ўтказди. Самара вилояти Ҳукумати раисининг ўринбосари — иқтисодий ривожлантириш ва инвестициялар вазири Павел Финк икки томонлама савдо-иқтисодий ва гуманитар алоқалар изчил ўсиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Ташриф доирасида меҳмонлар “Пегас-Агро”, Самара нон-қандолат комбинати, “Электрощит” гуруҳи ва “Продмаш” заводлари фаолияти билан танишиб, “Тиббиётда ахборот технологиялари” илмий марказининг инновацион ишланмаларини ўргандилар. Шунингдек, ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги муносиб ҳиссаси эътироф этилди.
Нашрда таълим соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилиб, бугунги кунда Самара вилоятида 860 нафардан ортиқ ўзбекистонлик талаба таҳсил олаётгани қайд этилган. Ўзбекистон элчиси Ботиржон Асадов талабалар ва таълим муассасалари вакиллари билан учрашувда мамлакатимизда хорижий олий ўқув юртлари филиаллари фаолият юритаётгани, дипломларни ўзаро тан олиш битими амал қилаётганини эслатиб, ёшларга сифатли таълим олиш ва кейинчалик муносиб иш билан таъминланиш учун барча зарур шароитларни яратиш муҳимлигини таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси