Logo

Лондонда Ўзбекистоннинг рақамли иқтисодиётига бағишланган "IT Invest Day" бизнес-форуми бўлиб ўтди

Март 09, 2026. 18:31 • 3 дақ

98
Лондонда Ўзбекистоннинг рақамли иқтисодиётига бағишланган "IT Invest Day" бизнес-форуми бўлиб ўтди
Лондонда Ўзбекистоннинг рақамли иқтисодиётига бағишланган "IT Invest Day" бизнес-форуми бўлиб ўтди
Лондонда Ўзбекистоннинг рақамли иқтисодиётига бағишланган "IT Invest Day" бизнес-форуми бўлиб ўтди

ЛОНДОН, 10 март. /“Дунё” АА/. Буюк Британиядаги мамлакатимиз элчихонаси ҳамда Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамкорлигида “IT Invest Day” бизнес-форуми бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу форум Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда юртимизга юқори технологияли инвестицияларни жалб этиш мақсадида ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистонда рақамли инфратузилма, сунъий интеллект, булутли технологиялар ва дата марказлари соҳаларида мавжуд инвестиция имкониятлари Британиянинг етакчи инвесторлари ва технологик компанияларига тақдим этилди.

Форумда “London Stock Exchange Group”, “Savvy”, “Meridian Universal”, “SteelRose”, “EY-Parthenon”, “AVDO”, “Hudson Sandler”, “Lewis Silkin LLP”, “Donut Soft” каби молия, стратегик инвестициялар, активлар бошқаруви, консалтинг, рақамли технологиялар ҳамда IT хизматлар соҳаларида фаолият юритувчи компания ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Музокаралар давомида Ўзбекистонда ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш бўйича сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳани қўллаб-қувватлашга қаратилган институционал ва ҳуқуқий механизмлар, солиқ имтиёзлари ҳамда IT мутахассисларини тайёрлаш бўйича йўлга қўйилган тизим ҳақида батафсил маълумот берилди.

Читайте также

Шунингдек, мамлакат ҳудудларида кадрлар салоҳиятини ривожлантириш, ёш мутахассисларни халқаро IT бозорига тайёрлаш ҳамда “IT Park Uzbekistan” резидентлиги мақомининг афзалликлари ва инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар алоҳида таъкидланди.

Тақдимот доирасида Ўзбекистонни минтақада сунъий интеллект ва рақамли инфратузилма марказига айлантиришга қаратилган стратегик режалар намойиш этилди. Сунъий интеллект экотизимини шакллантириш, давлат-хусусий шериклик механизмларини кенг жорий этиш, рақамли иқтисодиётнинг ўсиш истиқболлари ҳамда дата марказларини ташкил этиш бўйича мавжуд имкониятлар муҳокама қилинди.

Тадбирда ташкил этилган савол-жавоблар сессиясида хорижий компаниялар ва молиявий институтлар вакиллари ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан фикр алмашиб, Ўзбекистонда рақамли инфратузилма, дата марказлари ва технологик стартаплар соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича мавжуд имкониятларни муҳокама қилди.

Мазкур тадбир Ўзбекистоннинг рақамли иқтисодиёт соҳасидаги инвестицион салоҳиятини халқаро бизнес доираларига кенг тарғиб қилиш, Британия компаниялари билан янги шериклик алоқаларини ўрнатиш ва мамлакатимизни минтақавий рақамли технологиялар марказига айлантиришда муҳим аҳамият касб этди.

Форум якунида иштирокчилар ўртасида икки томонлама учрашувлар ташкил этилди. Уларда инфратузилма жамғармалари, дата маркази операторлари, технологик компаниялар ва консалтинг ташкилотлари билан аниқ инвестиция лойиҳалари бўйича ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш