Малайзия Қироличаси Ўзбекистонга ташриф буюрди
Май 04, 2026. 12:25 • 2 дақ
• 289
КУАЛА-ЛУМПУР, 4 май /“Дунё” АА/. Малайзия Қироличаси Ража Зарит Софиянинг Ўзбекистонга ташрифи амалга оширилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Малайзия технология университетининг фахрий раиси сифатида ташриф буюрган Қироличанинг хизмат сафари “Bernama”, “The Star”, “New Straits Times”, “Astro Awani”, “The Sun” каби Жануби-Шарқий Осиёдаги етакчи оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий саҳифаларда кенг ёритилмоқда.
Материалларда қайд этилишича, Малайзия Қироличаси Ража Зарит София 3 май куни Ўзбекистонга етиб келган. Олий даражадаги меҳмонни Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримова ҳамда Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев кутиб олди.
Ташриф давомида Қиролича Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтадиган “Ислом цивилизациясида илмий анъана: манбалар, долзарб масалалар ва салоҳият” мавзусидаги илмий-амалий конференцияда иштирок этади.
Шу билан бирга, олий даражадаги меҳмон мамлакатимизнинг бой исломий тарихи ва маданияти билан яқиндан танишиш мақсадида Самарқанд шаҳрига боради.
Малайзиянинг мусулмон аҳолиси томонидан алоҳида ҳурмат ва эҳтиром қилинадиган манзил ҳисобланган Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасига сафар ташриф дастуридан муҳим ўрин эгаллайди.
Малайзия Қироличаси Ража Зарит Софиянинг Ўзбекистонга ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ўзаро биродарлик ва ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга ҳисса қўшади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси