Владивостокда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан тантаналар бўлиб ўтди

Сентябрь 28, 2026. 19:30 • 2 дақ

• 105
Владивостокда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан тантаналар бўлиб ўтди
Владивостокда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан тантаналар бўлиб ўтди
Владивостокда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан тантаналар бўлиб ўтди

ВЛАДИВОСТОК, 28 сентябрь. /“Дунё” АА/. Россиянинг Приморье ўлкаси марказида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан тантанали қабул маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Приморье ўлкаси ҳукумати, ҳудудий ва шаҳар ҳокимиятлари, дипломатик ваколатхоналар, ишбилармон доиралар, ўзбек диаспораси ташкилотлари вакиллари, ватандошлар ва ўзбекистонлик талабалар иштирок этди.

Учрашувда бош консул Ҳожиакбар Ваҳобов иштирокчиларни Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги билан табриклаб, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун яратилаётган имтиёзлар ҳақида тўхталиб ўтди.

У Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатларнинг ривожланиши, товар айирбошлаш ҳажмининг ўсиши, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик, туризм ҳамда таълим салоҳияти ҳақида фикр билдирди.

Шунингдек ўқинг

Приморье ўлкаси ҳукумати раисининг ўринбосари, таълим вазири Эльвира Шамонова сўзга чиқиб, иштирокчиларни байрам билан қутлаб, амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар ва икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг жадал ривожланиб бораётгани ҳақида гапирди.

Тадбир давомида “Centrum Air” авиакомпанияси кўмагида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти тақдимотлари ўтказилди, меҳмонларга буклет ва эсдалик совғалари тарқатилди. “Владивосток–Тошкент–Владивосток” йўналиши бўйича иккита авиачипта ўйини ўтказилиб, ғолибларга сертификатлар топширилди.

Ўзбек миллий либослари, халқ амалий санъати ва ҳунармандчилик буюмлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Маданий дастур доирасида миллий куй-қўшиқлар янграб, ўзбек миллий таомлари тортиқ қилинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш