Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи
Март 06, 2026. 18:37 • 7 дақ
• 163
(2026 йил 6 март, Тошкент ш.)
Ассалому алайкум, муҳтарама онахонлар, қадрли опа-сингиллар, дилбар қизларим!
Сизларни, бутун Ўзбекистон аёлларини 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Инсон ҳаётини, жамият тараққиётини хотин-қизларсиз, уларнинг эзгу фазилатларисиз тасаввур этиб бўлмайди.
Биз сизларнинг тимсолингизда Учинчи Ренессанс бунёдкори бўлиб майдонга чиқаётган 22 миллионлик ёш авлодни оналик меҳри билан тарбиялаб, вояга етказган буюк бир кучни кўрамиз.
Сизлар тадбиркор, олим, муаллим, шифокор, муҳандис, давлат ва жамоат арбоби, бир сўз билан хонадонларимиз фариштаси, оила ва жамият таянчи, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Азиз опа-сингиллар!
Биз юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатини таъминлаш, муаммоларини ҳал қилиш бўйича мутлақо янги тизим яратдик. Барча қонун, фармон ва қарорларни қабул қилишда гендер масаласи бўйича ҳуқуқий механизмлар жорий этилди.
Энди хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига таъсири баҳоланмай туриб бирорта қонун қабул қилинмайди.
Яратилган кенг имконият ва шароитлар ҳисобига 230 мингга яқин тадбиркор аёллар синфи шаклланди, миришкор фермер аёлларимиз 12 минг нафарга етди, илм-фан ривожига улкан ҳисса қўшаётган олималаримиз 6 минг нафардан ошди.
Ўтган йили дунё ареналарида шижоатли қизларимиз 167 та олтин, 193 та кумуш, 243 та бронза медалини қўлга киритгани таҳсинга сазовордир.
Хотин-қизларимиз ҳаётидаги ана шундай катта ўзгаришлар дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Парламентлараро иттифоқнинг “Парламентдаги аёллар” рейтингида 92 поғона юқорилаб, 36-ўринни эгаллади; “Гендер тенглик ва бошқарув” индексида 103-ўриндан 52-ўринга кўтарилди; Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонун” ҳисоботида эса ўз позициясини 43 поғонага яхшилаб, 48-ўринга чиқди.
Фурсатдан фойдаланиб, турли соҳалардаги меҳнати, истеъдоди ва ақл-заковати билан Янги Ўзбекистонни барпо этишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган аёлларимизга, халқаро майдонларда Ватанимизни дунёга тараннум этаётган қизларимизга, уларнинг ота-оналари, устоз ва мураббийларига самимий миннатдорлик билдираман.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Аёлларни ишли ва даромадли қилиш масаласи ҳамиша эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда. Ўтган йили хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва уларни тадбиркорликка жалб этиш мақсадида 23,5 триллион сўм кредит йўналтирдик. Бунинг ҳисобидан 425 мингдан ортиқ опа-сингилларимиз тадбиркорликка жалб қилинди.
Мисол учун, тўқимачилик соҳасида 300 нафар аёлларни банд қилган янгиариқлик Наргиза Бекмуратова ўтган йили иккинчи фабрикасини очиб, яна 100 та иш ўрни яратди. Ушбу ишбилармон қизимиз 2025 йилда Анқара шаҳрида ўтказилган халқаро танловда “Хотин-қизлар учун энг кўп иш ўрни яратган тадбиркор аёл” номинацияси ғолиби бўлди.
Мен бундай серғайрат қизларимизни Янги Ўзбекистон бунёдкорлари, деб биламан. Уларни ҳар қанча қўллаб-қувватлашга тайёрман. Шу боис бу йил 166 минг нафар хотин-қизлар замонавий касб ва тадбиркорликка, яна 100 минг нафари IT соҳасига ўқитилади.
Шунингдек, опа-сингилларимизга ўз уйида тадбиркорлик қилиши учун “Даромадли аёл” дастурини бошлаймиз. Бу орқали лидер тадбиркорлар кўмагида касаначилик, ҳунармандчилик, паррандачилик, асаларичилик ва томорқачилик йўналишларида 50 минг нафар аёлнинг бандлиги таъминланади.
Бундан ташқари, “Ҳамроҳ” дастури доирасида хотин-қизларнинг 3 мингта лойиҳасига жами 1 триллион сўм ажратилади.
Умуман, жорий йилда 1,5 миллион нафар аёлни даромадли қилиш, шундан 400 минг нафарини бизнесга жалб этиш бўйича катта марра олганмиз. Ушбу мақсадлар учун 25 триллион сўмдан зиёд ресурс йўналтирилади. Бош вазир ўринбосарлари Ж.Қўчқоров, З.Маҳкамова, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.Зоҳидов, Марказий банк раиси Т.Ишметов, вилоят ҳокимлари бу ишларга масъул бўлади.
Қадрли юртдошлар!
Бугун олийгоҳда ўқиётган қизларимиз сони 904 мингдан ошиб, жами талабаларнинг 54 фоизини ташкил этмоқда.
Ўтган йили 60 нафар қизимиз дунёдаги энг нуфузли олийгоҳларга ўқишга киргани албатта барчамизни қувонтиради.
Стажёр-тадқиқотчилар ва докторантурада таҳсил олаётганларнинг 8,5 минг нафари, яъни, 61 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётгани ҳам эътиборлидир.
Бугунги анжуманимизда қатнашаётган қизларимиз – Кегейли туманидан Индира Сатниязова, бухоролик Вазира Файзуллаева, навоийлик Машҳура Қудратованинг халқаро фан олимпиадаларида эришган ютуқларини ҳамда бир қатор халқаро стартап танловлари ғолиби бўлган бувайдалик Дилафрўз Жўрабоева нуфузли “Microsoft” компаниясининг Ўзбекистондаги элчиси сифатида эътироф этилганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.
Янги ўқув йилидан бошлаб эҳтиёжманд оилалардаги аёлларимиз учун давлат гранти квотасини 2 карра ошириб, 4 мингтага етказамиз.
ТОП-300 таликдаги олийгоҳлар билан қўшма таълим асосида магистратура босқичида таълим олаётган талаба қизларнинг контракт пуллари ҳам давлат томонидан тўлаб берилади.
Энди ҳар йили хотин-қизларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш учун камида 10 та йўналиш бўйича стартап танловлари ўтказилади. Бунда ҳар бир йўналиш ғолибига Инновация жамғармасидан 500 миллион сўмгача грант берилади. Мактабларнинг 11-синфини битириб, давлат техникумларига кирган қизларни касбга ўқитиш тўлиқ давлат гранти асосида бўлади.
Ўйлайманки, бу ташаббуслар хотин-қизларимиз учун янги имкониятлар эшигини очиб беради.
Азиз дўстлар!
Аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка қарши муросасиз муҳит яратиш – биз учун стратегик вазифа. Шу ҳафтада яна бир муҳим Фармонни имзоладим. Энди хотин-қизлар ва болаларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик ва тазйиқ ҳолатларига қарши қатъий тизим асосида кураш олиб борамиз.
Яна бир муҳим масалага тўхталмоқчиман. Бугунги кунда жазони ижро этиш муассасаларида 2589 нафар аёл жазо муддатини ўтамоқда.
Турли сабабларга кўра, билиб-билмай жиноятга қўл урган ушбу аёллар ҳам шу юртнинг фуқаролари. Уларни ижтимоий ҳаётга қайтариш, жамиятнинг тўлақонли аъзосига айлантириш тўғрисида ҳам жиддий ўйлашимиз керак.
Жазони ўтаётган аёлларнинг 1239 нафари ўрта маълумотли, на касби, на ҳунари бор. Уларнинг 443 нафари олий таълим муассасаларида ўқиш истагини билдирган. Шу боис бундай хотин-қизлар билан манзилли ишлаш бўйича “Янги ҳаёт” дастурини бошлаймиз.
Ички ишлар вазирлиги Касбий таълим агентлиги ва Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан жазони ўтаётган аёлларни 3-6 ойлик касб дастурлари бўйича ўқитиб, сертификат беради. Шунингдек, маҳкумаларга ўша ернинг ўзида имтиҳон топшириб, олийгоҳларга кириш ва масофавий ўқиш имкониятини яратиб берамиз.
Контракт бўйича ўқишга қабул қилинганларга жазони ўтаб, ишга жойлашганидан кейин қайтариш шарти билан фоизсиз ссуда ажратилади.
Муҳтарама онахонлар, қадрли опа-сингиллар!
Бугун Янги Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига дадил кириб бормоқда. Биз ўз олдимизга, аввало, инсон бахти, инсон қадри учун хизмат қиладиган улкан мақсадлар қўйганмиз. Чунки, инсон бахти – оиладан бошланади, оила эса аёл билан мустаҳкам. Келажак авлодлар ана шу муқаддас маконда камолга етади. Ҳеч шубҳасиз, бу борада қизларимизнинг маънавий тарбияси ҳал қилувчи ўрин тутади.
Меҳр-оқибат, ор-номус ва андиша каби муқаддас фазилатлар қизларимиз қалбига бувижонларнинг насиҳат ва ўгитлари билан киради. Бундай оилада тарбия олган қизларимиз юриш-туриши, одоб-ахлоқи ва ҳаётга муносабати билан тенгдошларига намуна бўлиб келган. Бугунги шароитда ана шу тарбия мактабига эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб турибди.
Шу ўринда мен ўта оғир синов дамларида ҳам қадди букилмаган, бутун умрини оиласига, фарзандига бағишлаган барча онахонларимизга мурожаат қилмоқчиман.
Биз 2026 йилни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”, деб эълон қилганимиз бежиз эмас. Дунёдаги вазият қандай таҳликали бўлиб бораётганини барчамиз кўриб турибмиз.
Бундай мураккаб даврда юртимиздаги тинчлик ва осойишталик Аллоҳ таоло берган улуғ неъмат эканини янада чуқур ҳис этмоқдамиз. Уни асраш эса ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
Мана шундай шароитда дуогўй бувижонларимиз, мўътабар онахонларимиз оилаларда бу неъматнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш ва фарзандлар, набираларга шукроналик туйғусини сингдиришда намуна бўладилар, деб ишонаман.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Инсон учун ўз меҳнатининг маҳсулини кўриш, эътироф ва эътиборга сазовор бўлиш катта бахт.
Ушбу қутлуғ байрам арафасида юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган аёлларимиздан бир гуруҳини давлатимизнинг юксак унвон, орден ва медаллари билан тақдирлаш бўйича Фармонни имзоладим. Шунингдек, анъанага кўра, ўқиш ва ижодда, илм-фан, спорт ва жамоат ишларида фаол бўлиб келаётган қизларимиздан яна 28 нафари Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлди.
Бутун халқимиз номидан мукофот соҳибаларини яна бир бор табриклайман.
Муҳтарама опа-сингиллар!
Сўнгги йилларда сиз, азизлар билан, халқимиз билан бирга илгари тарихимизда бўлмаган буюк ишларни амалга оширдик.
Машаққатли, ҳалол меҳнатимиз билан бутун дунёнинг эътирофи ва ҳурматига сазовор бўлмоқдамиз. Энг муҳими, ҳар бир соҳа ва тармоқда Янги Ўзбекистон мактаби шаклланмоқда.
Биз учун бугунги ўта оғир ва мураккаб замонда олдимизга қўйган улкан марраларни эгаллашда янада бирлашиб, ҳамжиҳат бўлиб меҳнат қилиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим вазифадир.
Янги Ўзбекистонни аёллари ҳаётдан рози бўлиб, бахтли-саодатли яшайдиган мамлакатга айлантириш – менинг энг катта ниятим.
Ишончим комил, сиздек фидойи, шижоатли, меҳнаткаш аёлларимиз, бутун халқимиз билан бирга эзгу мақсадларимизга, албатта эришамиз!
Сўзимнинг якунида бутун Ўзбекистон хотин-қизларини кириб келаётган нафосат айёми, гўзаллик байрами билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга тинчлик-омонлик, оилавий бахт-саодат ёр бўлишини тилайман.
Байрамингиз муборак бўлсин!
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси