Қашқадарёда етиштирилган маҳсулотлар немис бозорларига жўнатилади
Март 06, 2026. 15:37 • 2 дақ
• 159БЕРЛИН, 6 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Берлин шаҳрида Қашқадарёнинг инвестиция ва экспорт салоҳиятига бағишланган бизнес-форум ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Қарши шаҳар ҳокими ўринбосари Зафар Караев бошчилигидаги делегация аъзолари ҳамда Германиянинг 30 дан ортиқ нуфузли компания ва ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Мамлакатимиз элчиси Дилшод Ахатов иштирокчиларга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, инвесторлар учун яратилган қулай бизнес муҳити ҳамда тақдим этилаётган солиқ ва божхона имтиёзлари ҳақида маълумот берди. Икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг стратегик босқичга чиққани ҳудудлараро тўғридан-тўғри ҳамкорлик учун кенг имконият очаётгани таъкидланди.
Қашқадарё вилояти делегацияси раҳбари воҳанинг бой хомашё базаси, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳамда экспорт салоҳияти хусусида алоҳида тўхталиб ўтди. Германиялик ишбилармонларга саноат, логистика ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларида аниқ лойиҳавий таклифлар тақдим этилди.
Форумда “BigRep GmbH”, “BCE GmbH”, “Serica Ventures GmbH”, “IHK Cottbus” каби йирик тузилмалар вакиллари иштирок этиб, B2B ва B2G форматида музокаралар ўтказилди.
Мулоқот жараёнида Қашқадарёда етиштирилган маҳсулотларни Германия бозорига етказиш, экспорт йўналишида қулайликлар яратиш ҳамда савдо алоқаларини мунтазам йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди.
Бизнес-форум доирасида Қашқадарёда ишлаб чиқарилган 40 турдан ортиқ саноат маҳсулотлари Берлинда янги очилган Ўзбекистон савдо уйида намойиш этилди. Бу саъй-ҳаракатлар воҳада етиштирилган маҳсулотларни Европа бозорларида танитиш ҳамда Германиянинг илғор технологияларини вилоят иқтисодиётига жалб қилишда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси




