Ҳироши Мино: Маданий-маърифий ҳамкорлик халқларимизни янада яқинлаштиради
Март 06, 2026. 15:49 • 2 дақ
• 66
ТОШКЕНТ, 6 март. /“Дунё” АА/. Юртимизда ўтказилган япон анъанавий санъати – Кагура намойишида иштирок этган Япониянинг Китаҳирошима шаҳри ҳокими Ҳироши Мино “Дунё” АА мухбирига мамлакатимизга амалга оширган хизмат сафари таассуротлари ҳақида фикр билдирди:
– Ўзбекистонга илк бор келишим. Бу ерда мени жуда самимий кутиб олди. Ўзбекларнинг меҳмондўстлигини кўп бор эшитганман. Юртингизга ташриф буюриб, бу фикрларнинг ростлигига шахсан гувоҳ бўлдим. Кўрсатилган алоҳида ҳурмат ва эътибордан жуда мамнунман.
Ташриф доирасидаги асосий тадбирларидан бири япон анъанавий саҳна санъати – Кагура намойиши бўлди. Кагура томошаси сўз билан ифода этиб бўлмайдиган маъно ва ғояларни саҳна орқали ўзбек санъатсеварларга етказишга ҳаракат қилдик.
Аслида, Кагура томошасини кўз билан кўрганда тушуниш осон кечади. У орқали биз Япония маданиятининг бир қисмини намоён этамиз. Ушбу намойиш аввал ҳам бир қатор давлатларда, жумладан, АҚШ ва Мексикада тақдим этилган. Марказий Осиё давлатлари орасида эса Ўзбекистон Кагура томошаси намойиш этилган биринчи мамлакат бўлди.
Бу каби маданий тадбирлар икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ташриф доирасида Ўзбекистон Маданият вазирининг биринчи ўринбосари билан учрашдик. Суҳбат давомида Ҳирошима префектураси ҳамда Ўзбекистон ўртасида маданий алмашинувни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдик.
Келгусида Ҳирошимада “Ўзбекистон маданияти кунлари”ни ташкил этиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон делегациясининг Ҳирошимага ташрифини амалга ошириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Китаҳирошима шаҳри нисбатан кичик шаҳар. Шунга қарамасдан, шаҳар ва префектура даражасида Ўзбекистон билан маданий алоқаларни янада ривожлантиришга қизиқиш юқори.
Ўйлайманки, келгусида ҳам шунга ўхшаш ташаббус ва ҳамкорликдаги лойиҳалар кўпайиб, Ўзбекистон билан маданий муносабатларимиз янада мустаҳкамланади. Зеро, мазкур ташриф ва маданий тадбир икки мамлакат ўртасидаги маданий дипломатияни ривожлантириш, халқлар ўртасидаги ўзаро англашув ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси