Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хорижий инвесторлар кенгашининг ялпи мажлисидаги нутқи
Июнь 18, 2026. 15:21 • 5 дақ
• 53
(2026 йил 18 июнь, Тошкент ш.)
Ҳурматли учрашув иштирокчилари!
Ҳурматли Одиль Рено-Бассо хоним!
Қадрли дўстлар!
Сизларни Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб турганимдан хурсандман.
Аввало, ҳурматли Рено-Бассо хоним, ислоҳотларимизни доимий қўллаб-қувватлаб келаётганингиз ва Кенгаш фаолиятидаги самарали раислигингиз учун сизга чин қалбимдан миннатдорлик билдираман. Шу билан бирга, бугунги анжуманда қатнашаётган барча халқаро ташкилотлар ва хорижий компаниялар раҳбарларига самимий эҳтиромимни изҳор этаман.
Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!
Сўнгги йилларда Кенгаш оддий маслаҳат механизмидан амалий ислоҳотлар майдонига, Янги Ўзбекистон билан жаҳон инвестиция ҳамжамияти ўртасидаги ишончли кўприкка айланди. Бугун Кенгаш мустақил Ассоциация мақомига эга бўлиб, том маънода кучли институт даражасига кўтарилди. Ўтган бир йил давомида Кенгашда иштирок этаётган компаниялар сони 54 тадан 85 тага етди. Улар иқтисодиётимизнинг 23 та тармоғини қамраб олиб, ишчи гуруҳлар фаолиятида бевосита иштирок этмоқда. Бундан ташқари, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки ва Халқаро молия корпорацияси Кенгашнинг Ижроия қўмитаси таркибида фаолият юритмоқда.
Эътиборли томони, барча аъзоларимизнинг Кенгашдаги фаоллиги тобора ошмоқда. Бу – мазкур инвестиция платформасига бўлган юксак ишончнинг яққол далилидир.
Ҳурматли кенгаш иштирокчилари!
Сизлар билан ўтган йили ҳам учрашиб, кўп масалаларни гаплашиб олган эдик. Аввалги мажлисда илгари сурилган 21 та ташаббусга аниқ ечимлар берилди.
Шуни алоҳида таъкидламоқчиман, инвесторларнинг ташаббуслари давлат сиёсатида ўзининг амалий ифодасини топмоқда. Таклифларнинг салмоқли қисми асосида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштирдик. Жумладан: Солиқ кодексига инвесторлар учун қулай бўлган ўзгартиришлар киритилди; компаниялар ўртасидаги ички қарз битимлари молия назоратидан чиқарилди; асосий воситаларни тезлаштирилган тартибда амортизация қилиш ҳуқуқи берилди; халқаро стандартлар асосида ҳисобот юритувчи хорижий ширкатлар учун кўплаб мажбурий талаблар бекор қилинди.
Бундан ташқари, “Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Масъулиятли бизнес юритиш стандартларини жорий этиш ҳамда 16 та техник регламентни халқаро меъёрларга мувофиқлаштириш дастури тайёрланди.
Шу билан бирга, хорижий инвесторларга тенг ва адолатли шароит яратиш бўйича халқаро мажбуриятларни ўз зиммамизга олишда янги қадамлар ташладик. Яқинда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Халқаро инвестициялар ва кўп миллатли корхоналар тўғрисидаги декларациясига қўшилишимизни эълон қилдик. Ушбу йўналишдаги ишларнинг мантиқий давоми сифатида Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги Конституциявий қонун қабул қилиниши кутилмоқда.
Буларнинг барчаси – ғояларингиз амалиётда татбиқ этилаётганига ёрқин далилдир.
Ҳурматли Кенгаш иштирокчилари!
Ўтган даврда Кенгаш ҳузуридаги ишчи гуруҳлар томонидан инвесторлар учун 50 дан ортиқ фойдали йиғилишлар ўтказилди. Натижада муқобил инвестиция жамғармалари, гаров қонунчилиги, масъулиятли бизнес юритиш, профессионал кадрлар тайёрлаш, солиқ маъмурчилиги, ер ажратиш ва энергетика каби устувор йўналишлар бўйича муаммолар хорижий инвесторлар ҳамраислигида атрофлича муҳокама қилинди.
Бугунги мажлисга тайёргарлик жараёнида сизлардан 120 та янги таклиф ва ташаббус келиб тушди. Уларнинг барчасини батафсил таҳлил қилиб, еттита устувор йўналишга бирлаштирдик. Булар: инвестиция муҳитини яхшилаш, солиқ тизими, кадастр, энергетика, молия ва банк тизими, корпоратив бошқарув, сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиёт масалаларидир.
Айниқса, валюта айланмасидаги мониторинг жараёнларини енгиллаштириш; исломий суғурта, “яшил” кредит, банкларнинг муаммоли активлари савдосини йўлга қўйиш каби янги молиявий механизмларни жорий қилиш; корхоналарда атроф-муҳит, ижтимоий масъулият ва самарали бошқарувни ўз ичига олган ESG тамойиллари қўлланишини рағбатлантириш каби таклифлар ҳозир ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир.
Шу боис, ҳар бир йўналиш бўйича масъуллар белгиланиб, аниқ ечимлар ишлаб чиқилди.
Фурсатдан фойдаланиб, мана шу долзарб вазифани ўз зиммасига олган ишчи гуруҳлар ҳамраислари: “Vision Invest”, “BDO”, “Crowe”, “ОTP Group”, “Franklin Templeton”, “Ernst & Young”, “Kosta Legal” ва “АCWA Power” компаниялари раҳбарларига миннатдорлик билдираман.
Шунингдек, йил давомида самарали фаоллик кўрсатиб, муҳим ҳужжатлар ва пухта ташаббуслар тайёрлагани учун Кенгашнинг барча аъзоларига алоҳида ташаккур айтаман.
Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!
Энди бевосита мулоқотга ўтсак.
Йил давомидаги таҳлилларингиз асосида қандай муаммоларни аниқладингиз? Инвестиция муҳитини янада яхшилаш учун Ҳукумат нима ишлар қилиши керак?
Бугун ушбу залда Ҳукумат аъзолари – Бош вазир ўринбосарлари ва вазирлар иштирок этмоқда. Сизларни диққат билан тинглашга, ҳар бир муаммо ва тавсияни батафсил муҳокама қилишга тайёрмиз. Ишимизни янада самарали ташкил этиш бўйича таклифларингиз бўлса, уларни очиқ мулоқот руҳида кўриб чиқамиз.
Албатта, бугун кўтариладиган барча масалалар умумлаштирилиб, мажлисимиз якунлари бўйича ягона “йўл харитаси” ишлаб чиқилади. Бош вазир ўринбосари Ж.Хўжаев ва Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Л.Қудратов ҳар чоракда уларнинг ижроси бўйича менга шахсан ҳисобот бериб боради.
Энди фикр ва мулоҳазаларингизни эшитамиз.
***
Ҳурматли дўстлар!
Бугунги мулоқотимиз ғоят мазмунли ва фойдали бўлди. Айниқса, амалий натижага йўналтирилган таклифларингиздан жуда хурсанд бўлдим.
Чин ҳамкорларимизнинг барча ташаббуслари халқимиз фаровонлиги ва инвестиция муҳитини яхшилашга хизмат қилади. Янги Ўзбекистонда очиқ, барқарор ва рақобатбардош иқтисодиётни барпо этишга қўшаётган ҳиссангиз биз учун доим қадрли.
Бу каби мулоқотларимиз қанча кўп бўлса, ишимиз шунча олдинга кетади. Барчангизга Кенгашимизда иштирок этганингиз учун самимий раҳмат айтмоқчиман.
Фурсатдан фойдаланиб, сизларга мустаҳкам соғлиқ, профессионал фаолиятингиз ва шахсий ҳаётингизда улкан муваффақиятлар тилайман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси