Бокудан муносабат: ТДТда Ўзбекистон ташаббуслари стратегик минтақавий ҳамкорликни янги даражага олиб чиқмоқда

Май 16, 2026. 19:00 • 3 дақ

36
Бокудан муносабат: ТДТда Ўзбекистон ташаббуслари стратегик минтақавий ҳамкорликни янги даражага олиб чиқмоқда

БАКУ, 16 май. /“Дунё” АА/. Озарбайжон давлат иқтисодиёт университети доценти Эмин Гарибли “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 15 май куни Туркистон шаҳрига амалга оширган хизмат сафари ва Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитидаги иштироки юзасидан фикр билдирди:

– Туркий дунёдаги интеграция жараёнлари бугунги кунда тобора тизимли ва стратегик тус олмоқда. Тарихий ва маданий яқинлик асосида бирлашган давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик умумий маконни шакллантириш босқичидан аста-секин чиқиб, тўлақонли минтақавий ҳамкорлик моделига айланмоқда. Шу нуқтаи назардан, Туркистон шаҳрида бўлиб ўтган юқори даражадаги учрашув нафақат навбатдаги дипломатик воқеа, балки туркий интеграция архитектурасининг муҳим бурилиш нуқтаси бўлди.

Туркий давлатлар ташкилоти ривожланиш мантиғи декларатив босқичдан амалий ҳамкорлик босқичига ўтаётганини кўрсатмоқда. Илгари асосий эътибор маданий ва гуманитар соҳаларга қаратилган бўлса, бугун иқтисодий интеграция, транспорт боғлиқлиги, рақамлаштириш ва технологик ривожланиш масалалари биринчи ўринга чиқмоқда. Ўтган саммит эришилган натижаларни мустаҳкамлабгина қолмай, балки минтақанинг глобал майдонда рақобатбардошлигини оширадиган янги ўсиш нуқталарини ҳам белгилаб берди.

Саммит ўтказилган жой – Туркистон шаҳри алоҳида эътиборга лойиқ. Бу шаҳар нафақат географик, балки бутун туркий дунё учун чуқур рамзий аҳамиятга эга. Туркистон тарихан маънавий марказ, интеллектуал фикр ва маданий алмашинув маскани бўлиб келган. Саммитнинг айнан шу ерда ўтказилиши интеграция жараёнларининг узвий давомийлигини кўрсатади ва замонавий сиёсий-иқтисодий кун тартибни бой цивилизацион мерос билан боғлайди. Шу тариқа, Туркистон фақат музокаралар майдони эмас, балки бирлик, тарихий хотира ва умумий келажак рамзига айланмоқда.

Шунингдек ўқинг

Интеграция жараёнларини жадаллаштиришда Ўзбекистоннинг ўрни алоҳида аҳамиятга эга. Мамлакатнинг ТДТ фаолиятидаги иштироки ҳамкорлик ривожига янги суръат берган энг муҳим омиллардан бири бўлди. Қисқа вақт ичида Ўзбекистон савдо, логистика, рақамли ечимлар ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган кўплаб ташаббуслар билан фаол иштирок этмоқда. Бу эса мамлакатнинг интеграцион маконни шакллантиришга стратегик ёндашувини кўрсатади.

Айниқса, Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган рақамли транспорт йўлаклари, транзит инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда инновацион ва таълим соҳасидаги ташаббуслар аъзо давлатлар иқтисодиётларини яқинлаштиришнинг реал механизмларини шакллантирмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон раислиги даврида жорий этилган институционал янгиликлар ташкилот самарадорлигини ошириб, унга янада тизимли ва барқарор тус берди.

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш