Будапештдан муносабат: ТДТ сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиёт сари дадил қадам ташламоқда
Май 16, 2026. 16:30 • 3 дақ
• 75
БУДАПЕШТ, 16 май. /“Дунё” АА/. Венгриядаги Людовика давлат хизмати университети ҳузуридаги Туркий тадқиқотлар маркази эксперти Давид Биро “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг шу йил 15 май куни Туркистон шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитидаги иштироки юзасидан фикр билдирди:
– Қозоғистонда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммити ТДТ фаолиятини рамзий ва сиёсий мулоқотдан амалий ҳамкорликка йўналтирди, дейиш мумкин. Хусусан, йиғилишда сунъий интеллект, рақамли ривожланиш ва иқтисодий мувофиқлаштириш масалалари асосий мавзуга айланди. Бу жараён Туркий дунё хартиясининг қабул қилиниши, доимий вакиллик тизимининг жорий этилиши ҳамда Туркий инвестиция жамғармасининг ташкил этилиши билан уйғун ҳолда кечмоқда.
Саммит мавзусининг ўзи ҳам бугунги талабларга жавоб беради. Сунъий интеллект ва рақамли технологияларга эътибор қаратилиши ТДТ учун нафақат маданий яқинлик, балки рақобатбардошлик ҳам муҳим эканини кўрсатади. Зеро, туркий давлатлар давлат бошқарувини рақамлаштириш, технологик имкониятларни тенглаштириш, давлат хизматлари ва трансчегаравий савдони модернизация қилиш каби умумий вазифаларга дуч келмоқда.
Бу саммит ТДТ учун декларатив баёнотлардан амалий ишларга ўтиш имкониятини яратади. Хусусан, у умумий стандартларни ишлаб чиқиш, пилот лойиҳаларни йўлга қўйиш ва маълумотларга асосланган ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилиши мумкин.
Ўзбекистон ва Президент Шавкат Мирзиёев учун ҳам мазкур саммит алоҳида аҳамиятга эга. Ўзбекистон сўнгги йилларда ТДТ доирасида стратегик шериклик ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, савдони рақамлаштириш, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда молиявий алоқаларни кенгайтириш бўйича аниқ ташаббуслар илгари сурмоқда. Туркистондаги чиқиш ҳам айнан шу йўналишларни давом эттиришни англатади.
2024 йил Бишкек саммитида Туркий дунё хартияси қабул қилиниб, янги мувофиқлаштирув механизмлари яратилган эди. Туркистон саммити эса ушбу жараёнларни янги “йўл хариталари”, амалий топшириқлар ҳамда технология, хавфсизлик ва давлат бошқаруви соҳаларидаги ҳамкорлик орқали янада ривожлантириши мумкин.
Саммитнинг иқтисодий аҳамияти ҳам жуда катта. Туркий инвестиция жамғармаси бугунги кунда кичик ва ўрта бизнес, инновациялар, логистика, АКТ ва қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун муҳим молиявий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Агар саммитда рақамли ва инфратузилмавий лойиҳалар бўйича аниқ келишувларга эришилса, бу транспорт йўлаклари, электрон тижорат, божхона тизимларини рақамлаштириш ва стартап экотизимларини ривожлантиришга катта туртки беради.
Бу айниқса, денгизга чиқиш имконияти чекланган давлатлар учун муҳим. Чунки рақамли интеграция орқали транзакция харажатлари камайиб, Ўрта коридор доирасида ўзаро боғлиқлик кучаяди. Демак, гап нафақат савдо ҳажмини ошириш, балки ягона ва ўзаро уйғун минтақавий маконни шакллантириш ҳақида бормоқда.
Венгрия ҳам ТДТда муҳим кузатувчи давлат бўлиб қолмоқда. 2018 йилдан буён у Европа Иттифоқи ва туркий дунё ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини бажариб келмоқда. Янги ҳукумат шаклланиши маълум ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин. Бироқ Венгриянинг ТДТдан тўлиқ узоқлашиши эҳтимоли паст. Аксинча, мамлакат инвестициялар, энергетика, транспорт ва саноат соҳаларида янада амалий ҳамкорликка эътибор қаратиши мумкин.
Умуман олганда, Туркистон саммити ТДТ ривожининг янги босқичини бошлаб бериши мумкин. Агар қабул қилинадиган қарорларни амалга оширишнинг аниқ механизмлари яратилса, ташкилот келгусида нафақат маданий ва сиёсий мулоқот майдони, балки амалий вазифаларни ҳал қиладиган кучли минтақавий тузилма сифатида шаклланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

ТДТ саммитида Ўзбекистон ташаббуслари туркий дунёнинг рақамли интеграциясида янги босқични бошлайди

Москвадан муносабат: Ўзбекистон Президенти ташаббуслари ТДТда қўшма рақамли лойиҳаларни амалга оширишга катта ҳисса қўшади


