Москвадан муносабат: Тошкент юқори даражада пухта ўйланган кўп векторли сиёсатга содиқ қолмоқда

Июнь 08, 2026. 15:25 • 2 дақ

65
Москвадан муносабат: Тошкент юқори даражада пухта ўйланган кўп векторли сиёсатга содиқ қолмоқда

МОСКВА, 8 июнь. /“Дунё” АА/. Россия давлат гуманитар университети халқаро муносабатлар кафедраси доценти Юрий Сигов “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 4–5 июнь кунлари Россияга амалий ташрифи ҳамда Петербург халқаро иқтисодий форумида иштироки юзасидан фикр билдирди:

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида иштирок этгани ўз-ўзидан Тошкентнинг энг юқори даражада пухта ўйланган кўп векторли сиёсатга содиқ қолаётганидан далолат беради. Бу сиёсат доирасида мамлакат жаҳоннинг асосий иқтисодий иштирокчилари билан алоқаларни имкон қадар мустаҳкамлаши ҳамда Ўзбекистонга соғлом прагматик қизиқиш кўрсатаётган раҳбарлар билан олий даражадаги яқин шериклик муносабатларини қўллаб-қувватлаши лозим.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Санкт-Петербургга ташрифи чоғида Россия Президенти билан икки томонлама музокаралар ўтказилди, шунингдек, Ўзбекистон делегацияси аъзолари форумнинг бир қатор ялпи мажлисларида қатнашди. Ушбу учрашувларда Ўзбекистон–Россия иқтисодий ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари, замонавий жаҳон иқтисодиётининг жорий ривожланиш тенденциялари кўриб чиқилди.

Шунингдек ўқинг

Менимча, Ўзбекистон–Россия ўртасидаги олий даражадаги мулоқот Президент Владимир Путиннинг Қозоғистонга ташрифидан сўнг дарҳол бўлиб ўтгани муҳим аҳамиятга эга. Бу Россиянинг Марказий Осиёдаги ўз мавқеини мустаҳкамлашга уринаётганидан далолат беради.

Ўйлайманки, айнан шу ўринда Ўзбекистон учун бундай вазиятдан унумли фойдаланиш ва ўзининг иқтисодий манфаатлари йўлида “Россия имкониятлар дарчаси”ни имкон қадар ўзлаштиришга ҳаракат қилиш учун яхши имконият пайдо бўлмоқда. Назаримда, Тошкент давлатларнинг биринчи шахслари ўртасидаги шахсий алоқаларга, Ўзбекистоннинг алоҳида ҳудудлари билан Россия минтақаларининг ўзаро ҳамкорлигини кенгайтиришга эътибор қаратишда давом этиши мумкин.

Зеро, Россия минтақалари марказий ҳокимият органларидан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон билан ҳудудлараро ҳамкорлик даражасида ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш учун кўпроқ мослашувчанлик ва аниқ имкониятларга эга.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш