Арманистонда бўлиб ўтган парламент сайловларида Бош вазир Никол Пашинян партияси ғалаба қозонмоқда

Июнь 08, 2026. 14:25 • 2 дақ

44
Арманистонда бўлиб ўтган парламент сайловларида Бош вазир Никол Пашинян партияси ғалаба қозонмоқда

EРЕВАН, 8 июнь. /“Дунё” АА/. Арманистон Бош вазирининг ҳукмрон “Фуқаролик келишуви” партияси бюллетенларнинг 90 фоиздан ортиғи санаб бўлингач, парламент сайловларида ишонч билан пешқадамлик қилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Armenpress” ахборот агентлиги маълумотига таяниб.

Дастлабки натижаларга кўра, партия тахминан 49,81 фоиз (727 минг 160) овоз тўплаб, парламентда кўпчилик ўринни қўлга киритмоқда. Шунингдек, қонунчилик органидан мухолиф “Қудратли Арманистон” (23,29 фоиз) ва “Арманистон” (9,94 фоиз) блоклари ҳамда “Фаровон Арманистон” (4 фоиз) партияси ҳам ўрин олмоқда.

Айни пайтда 2005 та сайлов участкасидаги овоз бериш натижалари сарҳисоб қилинди. Овоз беришда жами 1 миллион 476 минг 916 киши иштирок этган.

Бош вазир Никол Пашинян ўз сиёсий кучининг ғалабасини эълон қилди ва ҳукуматни шакллантириш режаларини маълум қилди. У Туркия ва Озарбайжон билан муносабатларни нормаллаштириш, шунингдек, Арманистоннинг ЕОИИ таркибидаги иштирокини сақлаган ҳолда Европа Иттифоқи билан яқинлашувни давом эттириш курсини алоҳида таъкидлади.

Мухолиф кучлар овоз бериш жараёнида қонунбузарликлар бўлганини маълум қилиб, ҳукуматни сайлов комиссиясига босим ўтказганликда айблади. Мухолифат вакиллари Бош вазирнинг овозларни санаш якунланмасдан туриб ғалабани эълон қилганини танқид остига олди.

Сайловлар Арманистондаги кескин сиёсий баҳс-мунозаралар ва ташқи сиёсатдаги ўзгаришлар фонида бўлиб ўтди. Овоз беришда жами 18 та сиёсий куч қатнашди. Сайлов қонунчилигига мувофиқ, партия парламентдаги ўринларнинг камида 52 фоизини қўлга киритса, ҳукуматни мустақил равишда шакллантириши мумкин.

“Reuters” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш