Украина делегацияси Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолади
Июнь 08, 2026. 14:55 • 2 дақ
• 19
КИЕВ, 8 июнь. /“Дунё” АА/. “Kyiv Diplomatic” журналида Ўзбекистонга ташриф буюрган Украинада “Бизнесдаги аёллар” платформаси делегациясининг фикр-мулоҳазалари эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда ёзилишича, “Бизнесдаги аёллар” платформаси делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюриб, бу ерда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашган.
Хусусан, эълон қилинган шарҳларда Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик тадбиркорлик ва бошқа йўналишларда кўплаб имкониятлар яратаётгани таъкидланган.
Украиналик мутахассислар Ўзбекистондаги иқтисодий ўзгаришларга алоҳида эътибор қаратган. Платформа вакилларининг сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиши Марказий Осиёдаги энг юқори ўсиш суръатларидан бирини намоён этмоқда.
Биргина ўтган йилнинг ўзида Ўзбекистон иқтисодиёти 7 фоиздан кўпроққа ўсгани, давлат томонидан тадбиркорлик, рақамлаштириш ва халқаро савдони ривожлантириш борасида изчил ишлар олиб борилаётгани қайд этилган.
Украиналик тадбиркорлар Ўзбекистон тажрибасининг Украина учун амалий аҳамиятини ҳам эътироф этди. Уларнинг фикрича, украиналик тадбиркорлар учун бундай тажриба ғоят қимматли бўлиб, келажак тараққиёти учун янги ғоялар, ёндашувлар ва имкониятларни очиб беради.
Журналда эълон қилинган шарҳларда солиқ ва иқтисодий ислоҳотларнинг самарадорлиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтилган. Платформа вакиллари “Солиқ ва иқтисодий ислоҳотлар тажрибаси биз учун қизиқарли бўлди. Ўзбекистон иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашда тизимли ёндашув намунасини кўрсатмоқда”, дея қайд этган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси