Варшавада Ўзбекистон иштирокида Осиё тўқимачилигига бағишланган халқаро конференция ўтказилади
Июнь 08, 2026. 13:55 • 2 дақ
• 79
ВАРШАВА, 8 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Амирсаид Аъзамхўжаев Варшавадаги Осиё ва Тинч океани музейи директори, доктор Юзеф Залевский билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда жорий йилнинг 26 ноябрь куни мазкур музейда очилиши режалаштирилган “Осиё икат матолари: ранг чегаралари” халқаро кўргазмасини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Музей вакилларининг маълум қилишича, экспозиция Осиё мамлакатларининг икат тўқимачилик анъаналарига бағишланиб, унда ўзбек миллий матолари, анъанавий тўқимачилик санъати намуналари, чопонлар, шунингдек, замонавий дизайн ишлари ўрин олади.
Муассаса раҳбарияти Ўзбекистон маданий меросига бағишланган, ўзбек икатлари, миллий либослари ва мамлакатимиз дизайнерларининг замонавий коллекциялари намойиш этиладиган алоҳида бўлим яратишдан манфаатдор эканини билдирди. Бундан ташқари, Ўзбекистон мода ва амалий санъат соҳаси вакиллари иштирокида тақдимотлар, маҳорат дарслари ва маданий тадбирлар ташкил этиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.
Кўргазма ташкилотчилари тадбирни Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси ҳомийлигида ўтказиш ташаббусини илгари сурди ҳамда экспозицияни тўлдириш учун ўзбек дизайнерларининг замонавий либосларидан бир нечта намуна тақдим этишда кўмаклашишни сўради.
Таъкидланишича, кўргазма доирасида 27–29 ноябрь кунлари бой маданий дастур, 2027 йил 12–13 март кунлари эса минтақа мамлакатларининг тўқимачилик меросини ўрганиш ва оммалаштиришга бағишланган “Осиё ранглари. Осиё тўқимачилиги бўйича Полша тадқиқотлари” номли халқаро илмий анжуман ўтказилиши кўзда тутилган.
Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, миллий тўқимачилик анъаналари, ҳунармандчилик мактаблари ва замонавий дизайн санъати ютуқларини Польша ҳамда бошқа Европа мамлакатлари кенг жамоатчилиги орасида тарғиб қилишга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси