“Дунё” АА ва Глобал журналистлар кенгаши ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Июнь 08, 2026. 12:55 • 3 дақ
• 92ТОШКЕНТ, 8 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон–Туркия медиа мулоқоти доирасида Глобал журналистлар кенгаши делегациясининг мамлакатимизга ташрифи амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташкилот президенти Меҳмет Али Дим бошчилигидаги 40 нафардан ортиқ журналист, медиа эксперт ва соҳа вакилларидан иборат делегация қатор расмий учрашув ва тадбирларда иштирок этди.
Ташриф дастури доирасида расмий музокаралар, медиа анжуманлар, таълимий учрашувлар ҳамда Ўзбекистоннинг тарихий ва маданий мероси билан таништирувчи сафарлар амалга оширилди.
Музокаралар доирасида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг “Дунё” ахборот агентлиги ҳамда Глобал журналистлар кенгаши ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган меморандум имзоланди.
Мазкур ҳужжат томонлар ўртасида медиа соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ахборот алмашинувини кенгайтириш ҳамда қўшма медиа лойиҳаларни йўлга қўйишга хизмат қилиши таъкидланди.
Ташрифнинг асосий тадбирларидан бири Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида ўтказилди. Туркия, Озарбайжон, Шимолий Македония ҳамда Европанинг бир қатор давлатларидан келган журналистлар университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашиб, замонавий журналистика ривожига оид долзарб масалаларни муҳокама қилди.
Учрашувлар давомида рақамли трансформация шароитида журналистиканинг ривожланиши, ахборот хавфсизлиги, медиа таълими, ёш авлоднинг ахборот истеъмоли маданияти ҳамда халқаро журналистик ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Университет ректори Шерзодхон Қудратхўжа ушбу каби халқаро мулоқотлар талабалар учун муҳим амалий тажриба бўлишини таъкидлаб, журналистика соҳасида юз бераётган туб ўзгаришлар, янги технологиялар ва инновацион ёндашувларнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида “Туркий дунёда медиа ва таълим” мавзусида халқаро панель муҳокамаси ташкил этилди. Унда рақамли медиа трансформацияси, сунъий интеллект ва журналистика, Z, Alpha ва Beta авлодларининг ахборот истеъмоли, диаспора журналистикаси, туркий дунё ахборот маконидаги ҳамкорлик ҳамда журналистика таълимининг замонавий тенденциялари каби долзарб йўналишлар муҳокама қилинди.
Тадбир иштирокчилари бугунги глобал ахборот маконида журналистика нафақат ахборот етказиш, балки халқлар ўртасида ўзаро ишонч ва англашувни мустаҳкамловчи муҳим восита эканини қайд этди.
Экспертлар таъкидлашича, мазкур ташриф Ўзбекистонда амалга оширилаётган очиқлик сиёсати, медиа соҳасини модернизация қилиш ҳамда журналистика таълимини такомиллаштириш бўйича ислоҳотларга бўлган халқаро қизиқиш ортиб бораётганини яна бир бор тасдиқлади.
Ушбу медиа мулоқот турли мамлакатлар журналистик ҳамжамиятлари ўртасидаги касбий алоқаларни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда келгусидаги қўшма медиа ташаббуслар учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


