Пекиндан муносабат: Ўзбекистон ва Иордания сиёсий мулоқотдан амалий иқтисодий ҳамкорлик сари дадил илдамламоқда

Ноябрь 28, 2026. 14:00 • 2 дақ

• 19
Пекиндан муносабат: Ўзбекистон ва Иордания сиёсий мулоқотдан амалий иқтисодий ҳамкорлик сари дадил илдамламоқда

ПЕКИН, 28 ноябрь. /“Дунё” АА/. Хитой Ижтимоий фанлар академияси Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти етакчи илмий ходими Су Чан “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 23–24 ноябрь кунлари Иорданияга амалга оширган давлат ташрифи якунлари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

– Аммон Президент Шавкат Мирзиёевга одатдаги протоколдан юқори даражадаги эҳтиром кўрсатди: Подшоҳ Абдулла II ва Қиролича Рания Ўзбекистон етакчиси ҳамда биринчи хонимни аэропортда шахсан кутиб олди. Иордания ҳаво кенгликларида Ўзбекистоннинг 1-рақамли бортига F-16 қирувчи самолётлари ҳамроҳлик қилди.

Икки мамлакат ҳамкорлиги кун тартиби иқтисодиётларнинг ўзаро уйғунлиги ва бир-бирини тўлдиришига асосланади. Иордания фармацевтика, кимё саноати ва сувни тежаш соҳаларидаги салоҳият ҳамда тажрибасини таклиф этса, Ўзбекистон Марказий Осиё бозорига йўл очиб, ишлаб чиқариш майдонларини тақдим қилади. Ҳамкорлик кимё ва тўқимачилик саноати, “ақлли” қишлоқ хўжалиги, геология, соғлиқни сақлаш ҳамда туризм соҳаларини қамраб олган.

Ташрифнинг институционал йўналишида ҳам жиддий силжиш кузатилди. Томонлар Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашини таъсис этишга келишиб олди. Уларнинг илк йиғилишларини жорий йил якунига қадар ўтказиш режалаштирилган. БМТ ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) доирасида позицияларни мувофиқлаштириш кўзда тутилган.

Шунингдек ўқинг

Гуманитар йўналиш маданий ва таълим соҳаларидаги алмашинувларни, муштарак маънавий меросни ўрганиш ҳамда бағрикенг ислом ғояларини илгари суришни ўз ичига олади. Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев “Ақаба жараёни”ни қўллаб-қувватлади ва унинг сессияларидан бирини Самарқандда ўтказишни таклиф этди.

Имзоланган ҳужжатлар ва имтиёзли савдо тўғрисидаги келишувларнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида Иордания Ўзбекистон маҳсулотлари экспортини Форс кўрфази мамлакатлари бозорларига кенгайтириш учун муҳим таянч нуқтага айланади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш