Варшавадан муносабат: Ўзбекистон–Иордания сиёсий ишончни иқтисодий ҳамкорлик билан мустаҳкамламоқда
Ноябрь 25, 2026. 15:00 • 3 дақ
• 143
ВАРШАВА, 25 ноябрь. /“Дунё” АА/. Польша Халқаро муносабатлар маркази Осиё департаменти директори Пётр Опалинский “Дунё” ахборот агентлигига берган интервьюсида Ўзбекистон Президентининг 23–24 ноябрь кунлари Иорданияга амалга оширган давлат ташрифи юзасидан ўз муносабатини билдирди:
– Ўзбекистон етакчисининг Иорданияга давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш йўлида муҳим воқеа бўлди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги сиёсий мулоқот сезиларли даражада фаоллашди. Хусусан, 2025 йил август ойида Подшоҳ Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи икки мамлакат дипломатик муносабатлари тарихидаги илк олий даражадаги ташриф бўлди.
Самарқанддаги учрашувларда инвестиция, савдо, қишлоқ хўжалиги, таълим, туризм ва бошқа соҳаларни қамраб олган 15 та икки томонлама ҳужжат имзоланди.
Аммондаги бу галги учрашувлар эришилган сиёсий келишувларни амалий натижалар билан бойитишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Хусусан, Қўшма ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш, мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш ҳамда тўғридан-тўғри авиақатновларни ривожлантириш ўзаро шерикликнинг институционал асосларини мустаҳкамламоқда.
Ташрифнинг асосий йўналишларидан бири савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришдир. Икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ҳозирча катта бўлмаса-да, унинг ўсиш суръатлари ижобий тенденцияни кўрсатмоқда.
Томонлар тўқимачилик, тоғ-кон саноати, кимё, қишлоқ хўжалиги ва фармацевтика соҳаларини истиқболли ҳамкорлик йўналишлари сифатида белгилаган. Бу борада икки мамлакат иқтисодиётининг бир-бирини тўлдирувчи хусусиятлари муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон саноат ва қишлоқ хўжалиги салоҳияти, кенг ички бозори ҳамда Марказий Осиё минтақасига чиқиш имкониятлари билан ажралиб турса, Иордания фармацевтика, кимё саноати ва хизматлар соҳасида муайян тажрибага эга.
Айниқса, фармацевтика соҳасида ҳамкорлик учун катта имкониятлар мавжуд. Қўшма корхоналар ташкил этиш, замонавий технологияларни жорий қилиш ва дори воситалари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш орқали икки мамлакат нафақат ички бозорлар, балки минтақавий бозорлар учун ҳам маҳсулот етказиб бериш имкониятларини кенгайтириши мумкин.
Ташриф доирасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимнинг имзоланиши иқтисодий муносабатларни ривожлантиришда муҳим қадам бўлди. Ушбу келишув бозорларга ўзаро кириш имкониятларини енгиллаштириш, экспорт ҳажмини ошириш ва тадбиркорлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Транспорт соҳасидаги ҳамкорлик доирасида 2026 йил июль ойида “Royal Jordanian” авиакомпанияси томонидан Аммон ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновнинг йўлга қўйилиши ишбилармонлик сафарлари, туризм ва халқлар ўртасидаги мулоқот учун қўшимча имкониятлар яратмоқда.
Яна бир истиқболли йўналиш – таълим соҳасидаги ҳамкорликдир. 17–18 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон–Иордания ректорларининг биринчи форуми 35 дан ортиқ университет вакилларини ўзида жамлади ва 65 дан зиёд ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Умуман олганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Иорданияга давлат ташрифи икки мамлакат ўртасида шаклланган сиёсий ишончни иқтисодий, инвестициявий, маданий ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик билан мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадамдир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси