Польшадан муносабат: Сеулнинг Марказий Осиёга нисбатан сиёсатида Ўзбекистон алоҳида ўрин тутади

Сентябрь 18, 2026. 10:30 • 3 дақ

99
Польшадан муносабат: Сеулнинг Марказий Осиёга нисбатан сиёсатида Ўзбекистон алоҳида ўрин тутади

ВАРШАВА, 18 сентябрь. /“Дунё” АА/. Марказий Осиё бўйича мутахассис, Варшава университети сиёсий фанлар ва халқаро муносабатлар факультети тадқиқотчиси Линда Масальская “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 13–16 сентябрь кунлари Жанубий Кореяга амалга оширган давлат ташрифи ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

– Ташриф доирасида Ўзбекистон етакчиси Жанубий Корея Президенти Ли Чже Мён билан музокаралар ўтказди. Ишбилармонлар учрашувлари ҳам ташрифнинг муҳим таркибий қисми бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев Жанубий Кореянинг йирик компаниялари, жумладан, “Kia Motors” ва “Hyundai Motor Group” вакиллари билан учрашиб, шериклик лойиҳалари бўйича суҳбатлашди. Бу иқтисодий ҳамкорлик нафақат муҳим хомашё турларини, балки автомобиль саноатини ҳам қамраб олишидан далолат беради.

Жанубий Корея нуқтаи назаридан, Марказий Осиёнинг аҳамияти, аввало, унинг иқтисодий салоҳияти, хусусан, бой хомашё ресурслари захиралари ва минтақанинг ўсиб бораётган геосиёсий роли туфайли ортиб бормоқда. Яқин йилларда ушбу ҳамкорлик доирасида муҳим хомашё турлари, янги технологиялар, жумладан, сунъий интеллект ва рақамлаштириш алоҳида аҳамият касб этиши мумкин.

Жанубий Кореянинг Марказий Осиёга нисбатан сиёсатида Ўзбекистон алоҳида ўрин тутади. Бу Сеул томонидан алоҳида стратегик шериклик сифатида белгиланган муносабатларни қўллаб-қувватлайдиган минтақадаги ягона давлатдир. 2019 йилда белгиланган ушбу мақом икки томонлама алоқаларнинг сиёсий аҳамиятини ифодалайди.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон Жанубий Кореянинг Осиёдаги энг йирик ҳамкорлари қаторига кирмаса-да, Сеулнинг Марказий Осиёга нисбатан сиёсатида алоҳида ва сиёсий жиҳатдан муҳим ўрин тутади. Бундай ҳолат узоқ йиллик сиёсий алоқалар ва икки томонлама муносабатларнинг рамзий аҳамияти билан боғлиқ. Ўзбекистонда истиқомат қилаётган кўп сонли корейс миллатига мансуб жамоалар бу борада муҳим роль ўйнайди. Унинг шаклланиш тарихи совет даврига бориб тақалади. Ўшанда, 1937 йилда, ўн минглаб корейслар СССРнинг Узоқ Шарқидан Марказий Осиёга, асосан, Ўзбекистон ва Қозоғистонга депортация қилинган.

Иқтисодий нуқтаи назардан, Сеул Ўзбекистоннинг муҳим сармоявий ва технологик ҳамкори бўлиб қолмоқда, гарчи икки томонлама савдо кўлами ҳали ҳам нисбатан чекланган бўлса-да. Ўзбекистоннинг Россия, Хитой ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари билан иқтисодий алоқалари анча кенг. Шу билан бирга, Жанубий Корея билан ҳамкорлик Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ташқи сиёсий алоқаларини диверсификация қилиш сиёсатининг бир қисмидир.

Айнан ҳозирги ҳамкорликнинг нисбатан кичик кўлами уни янада ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлигини англатади. Энг истиқболли йўналишлар қаторига муҳим минераллар, янги технологиялар, сунъий интеллект, автомобилсозлик саноати ва инфратузилмани ривожлантириш киради.

Ўзбекистон учун бу Жанубий Корея инвестициялари ва технологияларини жалб қилиш имкониятини очса, Жанубий Корея учун муҳим хомашё турларига кириш ва мавжуд етказиб берувчиларга қарамликни камайтириш учун қўшимча имкониятлар яратади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш