Сингапурдан муносабат: Ишонч - Тошкент халқаро молия маркази муваффақиятининг асосий омили
Октябрь 07, 2026. 10:30 • 3 дақ
• 38
СИНГАПУР, 7 октябрь. /“Дунё” АА/. “Business Media” нашрида “Тошкент халқаро молия маркази: Ўзбекистон Сингапур ва Швейцария тажрибасидан нималарни ўрганмоқда?” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақола муаллифи, германиялик таниқли молиявий таҳлилчи ва инвестор Райнер-Михаэль Прайснинг таъкидлашича, Ўзбекистон иқтисодиётини жаҳон бозорига интеграция қилиш жараёнида Тошкент халқаро молия маркази (ТХММ)ни ташкил этиш муҳим қадамлардан бири бўлиши мумкин.
Нашрда ёзилишича, халқаро молия марказини фақат қонунлар, солиқ имтиёзлари ёки замонавий инфратузилма орқали яратиб бўлмайди. Энг муҳим омил – ишонч. Инвестор шартномалар бажарилиши, қонунлар барқарорлиги, суд тизими мустақиллиги ва капиталининг сиёсий омиллардан ҳимояланганига ишонч ҳосил қилиши керак.
Шу нуқтаи назардан, Сингапур ва Швейцария тажрибаси Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга эгадир. Бу давлатлар молиявий марказ сифатида, аввало, ҳуқуқий аниқлик, самарали назорат, институционал барқарорлик ва юқори малакали мутахассислар экотизимини шакллантирган.
Материалда Тошкентнинг энг катта устунлиги сифатида унинг Марказий Осиёдаги географик ва иқтисодий мавқеи кўрсатилган. Ўзбекистон минтақа иқтисодиётидаги йирик бозор, аҳолиси кўп давлат ва фаол хусусий секторга эга мамлакат сифатида Марказий Осиё капитали билан глобал капитал ўртасида кўприк вазифасини бажариши мумкин.
Бунинг учун ТХММ фақат банкларни эмас, балки инвестиция ва активларни бошқариш компаниялари, хусусий капитал фондлари, суғурта, финтех, ислом молияси, юридик ва аудиторлик хизматлари, кастодианлар ҳамда оилавий офисларни бирлаштирган тўлиқ молиявий экотизимга айланиши зарур.
Муаллиф хусусий капитал ва бизнесни бошқариш соҳасига алоҳида эътибор қаратган. Марказий Осиёда янги тадбиркорлик капитали шаклланаётган бир пайтда, унинг бир қисми ҳозирча Дубай, Лондон, Сингапур ёки Швейцария каби марказлар орқали бошқарилмоқда. Тошкентда ишончли ҳуқуқий ва институционал шароит яратилиши ушбу капиталнинг бир қисмини мамлакат ичида бошқариш имконини беради.
Халқаро молия марказининг обрўси иқтисодий шаффофликка бевосита боғлиқ. Пул ювишга қарши кураш, бенефициар мулкдорларни очиқлаш, санкция талабларига риоя қилиш ва белгиланган стандартларни кучайтириш ТХММ учун тўсиқ эмас, аксинча, унинг рақобатбардошлигини оширадиган омил сифатида қаралиши зарур.
Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистон Сингапур ёки Швейцарияни тўлиқ такрорлаши шарт эмас. Тошкент ўзининг Марказий Осиёдаги мавқеига таянган ўзига хос молиявий моделини яратиши лозим. Бу жараённинг натижаси бир неча йилда эмас, балки ўнлаб йиллар давомида шаклланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси