Минскда Бухоро вилоятининг Беларусь ҳудудлари билан ҳамкорлигининг истиқболли йўналишлари кўриб чиқилди
Август 01, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 94
МИНСК, 1 август. /“Дунё” АА/. Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги делегация Беларусь Бош вазири ўринбосари Юрий Шулейко билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбат чоғида июль ойида Минск шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон–Беларусь олий даражадаги музокаралар якунлари бўйича эришилган келишувларнинг ижроси ҳамда савдо-иқтисодий ва ҳудудлараро алоқаларни янада фаоллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Беларусь томони Ўзбекистонни ўзининг ишончли ва вақт синовидан ўтган шериги сифатида баҳолаб, кейинги йилларда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш барқарор ўсиш суръатларини намоён этаётганини таъкидлади. Шу муносабат билан йил якунига қадар ўзаро савдо ҳажмини 1 миллиард долларга, 2030 йилгача эса 2 миллиард долларга етказиш вазифаси белгилангани қайд этилди.
Учрашувда ҳукуматлар, вазирлик ва идоралар даражасидаги мулоқотлар изчил давом этаётгани, учинчи Ҳудудлараро форуми якунлари ҳудудлараро шерикликка янги суръат бағишлагани алоҳида таъкидланди. Айни пайтда енгил саноат, қишлоқ хўжалиги ва машинасозлик тармоқларида амалга оширилаётган қўшма лойиҳаларнинг аниқ иқтисодий самарадорлигини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланди.
Учрашув якунида томонлар эришилган келишувларни амалий мазмунан бойитиш ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишиб олдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси