Logo

Ўзбек композитори Германияда навбатдаги концерт дастурини намойиш қилди

Ноябрь 28, 2025. 15:44 • 2 дақ

145
Ўзбек композитори Германияда навбатдаги концерт дастурини намойиш қилди

ПОТСДАМ, 28 ноябрь. /“Дунё” АА/. Бранденбург маркази Потсдам шаҳрида таниқли ўзбек бастакори ва пианиночиси Улуғбек Палванов Европа мумтоз мусиқа ихлосмандлари учун навбатдаги яккахон концерт дастурини намойиш қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Концерт Потсдамдаги машҳур Француз черковининг концертлар залида ташкил этилди ва шаҳар мусиқий ҳаётида муҳим маданий воқеа сифатида қайд этилди.

Ўзбек мусиқачиси жаҳон мусиқа санъати намоёндалари асарларини яқинда француз черковига туҳфа қилинган қадимий фортепиано – Берлиндаги машҳур “Bechstein” устахонасида тайёрланган, тахминан бир асрлик тарихга эга роялда ижро этди.

Европа мусиқий анъаналарида нозик ва кўп қиррали оҳанги, ёрқин жарангдорлиги билан алоҳида қадрланадиган ушбу мусиқий асбобда биринчи концерт Европада таниқли пианиночи Улуғбек Палванов томонидан ижро этилиши Потсдам шаҳри мусиқа шинавандалари учун ҳам катта фахр туйғусини тақдим этди. Бу концерт ҳақида Германиянинг “Tagesspiegel” ҳамда қатор маҳаллий ОАВда ҳам хабар берилди.

Мусиқий дастурда юртдошимиз Иоганн Себастьян Бахнинг “Wohltemperiertes Klavier”, Людвиг ван Бетховеннинг “Appassionata”, Фридерик Шопеннинг “1. Ballade” ва Сергей Рахманиновнинг “Préludes” ҳамда Листнинг “1. Mephisto-Walzer” мусиқий асарларини нозик дид, ёддан ва юксак аниқликдаги маҳорат билан ижро этди. Француз черкови концерт залининг оҳанграбо акустикаси мусиқий асарлар ижросига янада жозибадорлик бахш этди.

Ҳамюртимиз ўз концертида тингловчиларни моҳирона ижроси орқали мафтун этиш билан бирга мазкур қадимий антиквар мусиқий асбоб – роялнинг техник ҳамда ҳиссий имкониятларини тўлиқ очиб бера олди.

Улуғбек Палванов Москва шаҳридаги Чайковский номидаги консерваторияда таҳсил олган. Сўнгги йилларда Германияда ижод қилиб, Европа саҳналарида жаҳон мумтоз мусиқаси намуналари ҳамда ўз ижодий асарларини кенг намойиш этиб келмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш